“Макрон ЕИдаги сиёсатчиларни ноқулай аҳволга солиб қўйди” — экспертлар
Франция президенти Эммануэл Макрон “урушнинг кейинги босқичида” Украинага ғарб қўшинлари киритилиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмагани кенг мунозараларга сабаб бўлди. Kun.uz мавзу бўйича саволлар билан сиёсий таҳлилчилар Сайфиддин Жўраев ва Камолиддин Раббимовга юзланди.
— Макроннинг Украинага қўшин юбориш ҳақидаги баёноти НАТО ва Россиянинг де-факто тўқнашувини англатади, шундай эмасми?
Сайфиддин Жўраев: — Ҳозирча тўғридан тўғри тўқнашиш деб бўлмайди, лекин чақириқ деса бўлади. Агар бу иш амалга ошса, тўғридан тўғри НАТО ва Россия ўртасидаги ҳарбий тўқнашувга олиб келади. Бу тўқнашув бўлган тақдирда ҳам (бунинг эҳтимоли жуда кам), замонавий ракета тизимлари орқали бўлади ва бу катта талафотларга олиб келади. Ядро уруши эҳтимоли ҳам кўпаяди, чунки бу уруш шунчаки артиллериялар, танклар билан бўлмайди.
Францияда Макроннинг тарафдорлари унинг гапларини юмшатишга уриняпти. Франция бош вазири ҳам президент бу маънода гапирмаган, ҳарбий деганда техникаларга хизмат кўрсатувчи ҳарбийлар назарда тутилган, деган маънода гапирди. Бундан ташқари, Украина ҳарбийлари биз бераётган замонавий қуролларни ишлатишни билмайди, ўргатиш керак, деди. АҚШ, Германияда ҳам, бошқа жойларда ҳам бу Макроннинг ўзининг ташаббуси, деган баёнотлар берилди.
Бу вазиятда Макрон бу гапи орқали Россиянинг реакциясини текширди ёки масъулиятсизлик билан гапириб қўйди, дейиш мумкин. АҚШ ҳам, Россия ҳам тўғридан тўғри тўқнашувдан қочиб, дипломатик йўллар билан чиқяпти вазиятлардан, Макрон эса тўғридан тўғри гапириб юборди, провокацияга ҳам ўхшайди, лекин бундай эмас, чунки 20 та давлат раҳбарларини чақириб ўтирибди. Қош қўяман деб, кўз чиқаришга ўхшаб қолди Макроннинг бу ҳаракати.
Камолиддин Раббимов: — Ҳарбий қўшин киритишнинг формати ҳар хил бўлиши мумкин. Масалан, НАТО доирасида бўлиши мумкин, лекин НАТО бош котиби бундай қилмаймиз деди. ЕИ доирасида ҳам бундай эмас, Еврокомиссия президенти Фон дер Лейен бундай бўлмайди, деди. Макрон нега провокацион баёнот берди, дейдиган саволга баъзилар ўзига эътибор тортиш, нимадир қилаётганини кўрсатиш учун бўлди, дейди, чунки Германия, АҚШга қараганда Франциянинг Украинага ёрдами анча кам. Қолаверса, Россия сиёсий элитаси, жамоатчилик фикрини тайёрлаш ва қизил чизиқларга яқинлашиш стратегияси, деган қарашлар ҳам бор.
Франция ҳеч қачон Украинага якка ўзи қўшинларини олиб кирмайди. Чунки Францияда голлизм сиёсий доктринаси бор, Россия, АҚШ ёки англосаксонлар ўртасида тўқнашув бўлса, Франция икки томонда ҳам бўлмайди, тарихий шаклланган геосиёсий курс бу. 2 йил олдин Австралия Францияга 65 млрд долларга сувости кемалари буюртма қилганди, лекин кейинроқ Австралия буюртмани бекор қилди. Бунинг сабаби эса АҚШ ва Хитой тўқнашса, Австралия АҚШ томонда туради, бундай вазиятда эса Франция эҳтиёт қисмлар етказиб бермайди, яъни мувозанат сақлайди.
Франция бу баёнот фонида Украинага дронлар ва баъзи турдаги ракеталар бермоқчи, лекин қарор қабул қилинмаган ҳали. Макроннинг бу баёноти ЕИдаги сиёсатчиларни ноқулай аҳволга солиб қўйди. Путин федерал мажлисга мурожаат қилар экан, Макроннинг исмини тилга олмаган ҳолда унга муносабат билдирди, яъни тўқнашув бўлса, ядро қуролини ишлатамиз, деган гапни айтди.
Сайфиддин Жўраев: — Макроннинг бу баёноти кимга, кимнинг фойдасига керак эди, деган савол ҳам турибди. Конфликт бошида Макрон Путинни Ғарб билан яраштиришга уринаётган раҳбарлардан бири эди. Франция Украинага турли янги қуроллар берган, шуларни синовдан ўтказяпти, юборган техник ходимлари тажрибаси ҳам ортяпти. Бундан ташқари, Францияда катта сиёсий тадбирлар турибди, яқинда Европарламентга сайловлар бўлади, масалан. Шу фонда Макрон ҳам пиар қилгандир балки.
Европада АҚШнинг таъсири катта, албатта. Германия, Франция, Италия каби давлатларга етакчиликни бермай турибди қайсидир маънода. Макрон ҳам шу фонда мен четда қолиб кетяпман, деган бир маънода сиёсат олиб бораётган эди. Лекин Макрон биринчи навбатда ўз сайловчиларидан салбий муносабат олди, яъни фермерларнинг норозиликларини кўриб турибмиз.
— Европа Иттифоқининг ва НАТОнинг қолган аъзолари бу вазиятда позицияси қандай бўлади?
Камолиддин Раббимов: — Бирор бир Европа давлати Макроннинг бу ташаббусини қўллагани йўқ. Елисейдаги учрашувда Украина хавфсизлигига кафолат берувчи давлатлар ҳақида гап кетган: Франция, Германия, Нидерландия. Мана шу 3 давлат Украина хавфсизлигига кафолатчи давлатлар сифатида кўриляпти. Лекин Украинанинг босиб олинган ерларини қайтариб олишда бу давлатлар қандай рол ўйнайди, деган савол очиқ.
Сайфиддин Жўраев: — Украина маҳсулотларига қўйилган талаблар олиб ташлангани учун ЕИга арзон маҳсулотлар кириб келди, қишлоқ хўжалиги вакиллари шундан норози. Макрон эса сизлар рақобатда ютқаздингиз, ўзингиз айбдорсиз деган маънода гапирди, бу ҳам яна фермерларнинг ғазабини қўзғатди.
Байден маъмурияти Макроннинг баёнотига 23 соат ичида муносабат билдирди тезлик билан. Чунки АҚШ индамаса, Франция бу провокацион ҳаракатларни чуқурлаштириб юбориши ҳам мумкин эди. Кетма-кет бошқа давлатлар ҳам бу фақат Франциянинг гапи, бизнинг ҳарбийлар бормайди, деди. Венгрия ва Словакия раҳбарлари бу ёмон оқибатларга олиб келади, деб танқидийроқ муносабат билдирди.
— Агар НАТО аскарлари Украинага кирса, Россиянинг жавоби қандай бўлади?
Камолиддин Раббимов: — Россия собиқ президенти Медведев журналистлар билан брифингда Россия активлари Украина манфаатларига мусодара этилса, қандай жавоб бўлади, деган саволга биз Ғарб билан урушмаяпмиз, Украинада ҳарбий операция кетяпти, агар бизнинг активлар мусодара қилинса, халқаро қонунчилик доирасида биз ҳам Ғарбнинг Россиядаги активларини мусодара қилишимиз мумкин, дея жавоб берди.
Россия томонидан турли доирадаги сиёсатчилар Макроннинг баёнотига агрессив жавоб берди. Россиянинг охирги аргументи – ядровий салоҳияти бўлади. Ҳозир ҳам гарчи сир тутилса-да катта эҳтимол билан Украинада Ғарб давлатларидан ҳарбий инструкторлар бор. Украина ҳарбийлари хам бошқа давлатларда ўқитиляпти. Умуман, тўғридан тўғри бўлмаса-да, билвосита Ғарб ва Россия ўтасида уруш кетяпти. Бир неча ой олдин бир неча франциялик Россияга асир тушган, Франция томони бу бизнинг аскарлар эмас, ўзбошимча кетган, Франция қонунларини бузган одамлар деб баёнот берганди.
Сайфиддин Жўраев: — Европалик экспертлар бир таҳлил қилишди охирги икки кунда. Макроннинг баёноти ҳеч ким кутмаган импровизация бўлди, дунё бўйича қалқиш келтириб чиқарди, дейишяпти. Франция ички оппозицияси Украинага ёрдамни қўллаган, лекин кечаги иш билан уларнинг ҳам жаҳлини чиқарди. Жамият у вазиятдан зерикди ҳам деган таҳлиллар бор. Бундан ташқари, Украинанинг имижи ёмонлашди. 2022 йил март ойида 82 фоиз францияликлар Украинани қўллаган, яқиндаги ҳолатлардан кейин айрим тадқиқотларга кўра бу кўрсаткич 58 фоизга тушган. Украинанинг ЕИга киришини қўллаган францияликлар улуши эса 62 фоиздан 49 фоизга тушган. Иқтисодий санкцияларни қўллаш 72 фоиздан 62 фоизга, қурол етказишни маъқуллаш 65 фоиздан 50 фоизга тушган. Тўғри, шу ўринда Россияга нисбатан ижобий муносабат ҳам 21 фоиздан 18 фоизга тушганини айтиш керак. Бу таҳлиллар сиёсат ичидаги, давлат бошқарувида ишлайдиган одамлар фикри асосида қилинган.
— Хитой, Ҳиндистон, Эрон каби глобал куч марказлари – ядро қуролига эга давлатлар бу вазиятга қўшилиши мумкинми?
Камолиддин Раббимов: — Ҳар бир давлатни алоҳида таҳлил қилиш керак. Лекин дунёдаги аксарият давлатлар катта урушдан манфаатдор эмас. Самарқанддаги ШҲТ саммитида Ҳиндистон бош вазири Моди Путинга 21-асрда бундай масалалар уруш билан ҳал қилинмаслиги керак, деганди. Покистон бош вазири ҳам норози бўлганди, уруш сабаб бизда қимматчилик бўляпти, деб. Урушлар катта иқтисодий зарарлар олиб келади, фақат саноқли давлатларгина қурол сотишдан фойда қилиши мумкин. Масалан, Иккинчи жаҳон урушида АҚШ катта фойда кўрган. Полша иқтисодиёти 2023 йилда катта ўсишга эришди, гарчи фермерлар зарар кўраётган бўлса ҳам.
Покистон геосиёсий нуқтайи назардан коллектив Ғарбнинг синиши тарафдори. Лекин уруш унинг манфаатларига қанчалик тўғри келишини билмадим. Эроннинг стратегиясини алоҳида ўрганиш керак. Ҳиндистон ва Хитой уруш тўхтатилиши кераклигини айтиб келади. Хитойнинг асосий мақсади – тинчлик орқали дунёнинг энг катта иқтисодиёти бўлишга эришиш.
Сайфиддин Жўраев: — Франция ҳарбийларини киритиш бўйича реал вазият кўринмаяпти. 84 фоиз ядро қуроли АҚШ ва Россияда, бошқа давлатларнинг ядро салоҳияти бир марталик ҳужумга етиши мумкин, лекин улар бу урушни истамайди. Ҳатто АҚШ ҳам истамайди. Келиб чиқадиган оқибатлар сабаб бундай уруш эҳтимоли жуда кам. Лекин қайси куч марказлари қай йўналишда экани кўринди вазиятда. Умуман олганда, бундай уруш бўлмайди, ҳеч ким ўзини ўзи йўқотишни хоҳламайди. Уруш бошланса, қайсидир томон кучи етмай қолса, ядро қуролини ишлатади, иккинчи томон ҳам жавоб қайтаради. Лекин сиёсатчилар ва сиёсатшунослар учун ўрганадиган, хулоса чиқарадиган бир вазият юзага келди. Глобал сиёсатда бундай чақириқлар, қалтис баёнотлар беришда эҳтиёт бўлиш керак.
Камолиддин Раббимов: — Назаримда учта нуқта бор бу ерда. Коллектив Ғарб давлатларининг лидерлари Украина ютқазиши мумкин эмас, бўлмаса Россия яна давом этади, деяпти. Иккинчиси, коллектив Ғарб Россия билан тўғридан тўғри тўқнашишни истамайди, чунки ядровий урушга сабаб бўлиши мумкин. Учинчи ҳолат, Украинанинг позицияси. Коллектив Ғарб Украинага ўз эҳтиёжига керак бўладиган қуролнинг ярмини беряпти фақат, украиналиклар эса бизга аскарлар керакмас, босиб олинган ерларни қайтариб олиш учун ракеталар беринг, Россиянинг ўзига ҳужум қилмаймиз, деяпти. Лекин коллектив Ғарб бундай ракеталар бермоқчи эмас ҳозирча.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
20:58 / 12.11.2024
Франциядаги йирик оммавий ахборот воситалари Х ижтимоий тармоғини судга берди
16:47 / 11.11.2024
Геосиёсий ҳафта таҳлили: Трампдан умид қилаётган Россия ва Ҳамас атрофидаги миш-мишлар
17:50 / 06.11.2024
Макрон Трамп ғалабасидан кейин Франция ва Германия мақсадларини айтди
21:46 / 05.11.2024