23:27 / 05.03.2024
17784

2024 йилнинг икки ойидаги давлат бюджети дефицити 13 трлн сўмга етди

Жорий йил январ ойида давлат бюджети тақчиллиги 5,7 трлн сўмни, февралда эса 7,2 трлн сўмни ташкил этди. 2024 йилдаги давлат бюджети умумий 10,3 трлн сўмлик дефицит билан тасдиқланганди.

Фото: Abdubakir Yunusov

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тақдим қилган маълумотларга кўра, жорий йилнинг январ ойида давлат бюджети даромадлари – 16 трлн 159,9 млрд сўмни, харажатлари эса – 21 трлн 926,7 млрд сўмни ташкил этган. Бюджет даромадлари ва харажатлари ўртасидаги фарқ 5 трлн 766,8 млрд сўм.

Феврал ойида эса давлат бюджети даромадлари – 16 трлн 908,9 млрд сўм, харажатлари эса – 24 трлн 137,1 млрд сўм бўлган. Салбий фарқ – 7 трлн 228,1 млрд сўм.

Умумий ҳисобда ўтган икки ойликдаги давлат бюджети тақчиллиги 12 трлн 994,8 млрд сўмни ташкил қилган.

2024 йил учун давлат бюджети ҳақидаги қонунга кўра, бюджет даромадлари 270,4 трлн сўмни, харажатлар эса 280,7 трлн сўмни ташкил этиши прогноз қилинган. Яъни жорий йилдаги давлат бюджети 10,3 трлн сўмлик дефицит билан тасдиқланган. Консолидациялашган бюджет дефицити эса 52,6 трлн сўм ёки ЯИМга нисбатан 4 фоиз даражасида чегараланган.

Декабр ойида, йил якунига 15 кун қолганда, давлат бюджети тўғрисидаги қонун ўзгартирилиб, консолидацияланган бюджет тақчиллиги лимити ЯИМга нисбатан 3 фоиздан 5,5 фоизгача, йиллик ташқи қарз лимити 4,5 млрд доллардан 5,5 млрд долларгача кўпайтирилган эди.

Top