Ўзбекистон | 21:01 / 07.03.2024
8039
2 дақиқада ўқилади

Эрон Ўзбекистон билан электр энергияси алмашинувидан манфаатдорлигини маълум қилди

Бунинг учун мамлакат зарур замин тайёрлаб қўйган. 

Фото: iran.ru

Эрон энергетика вазири Али-Акбар Меҳробиён Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон билан электр энергияси алмашинуви учун зарур замин тайёрлаб қўйилганини маълум қилди.

Меҳробиён 4 март куни Теҳронда Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов билан учрашувда Эрон ҳозир кўпчилик қўшнилари билан электр энергияси алмашаётганини айтди. У Эрон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида энергия алмашинуви соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди. 

У Эроннинг ваколатли компаниялари Ўзбекистон билан электротехника лойиҳаларини амалга ошириш, электр деталлари ва ускуналарини экспорт қилиш, энергетика ускуналари ва электр жиҳозларини ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик қилишга тайёрлигини таъкидлади. 

Икки давлат президентлари музокараларидан сўнг томонлар иқтисодий, сиёсий, маданий ва тарихий алоқаларни ривожлантиришга келишиб олдилар, деди у. 

Икки давлат ўзаро муносабатларни барча соҳаларда кенгайтириш учун катта имкониятларга эга эканлигини таъкидлаб, Эрон ва Ўзбекистон иссиқлик ва гидроэлектр станцияларини қуриш, техник хизматлар экспорти ва ҳоказоларда ҳамкорлик қилиши мумкинлигини айтди. 

Ўзбекистон энергетика вазири, ўз навбатида, Эрон минтақадаги электр станциялари қурилиши бўйича етакчи 5 давлат қаторидан жой олишини таъкидлаб, Эрон билан барча соҳаларда алоқалар мустаҳкамланишига катта аҳамият беришини таъкидлади.

 

Мавзуга оид