Амалдаги финалчи турнирни тарк этди. ЕЧЛда кун ўйинлари
Симеоне жамоаси мавсум бошидан буён мағлубиятга учрамаган «Интер»ни турнирдан чиқариб юборди, чоракфиналнинг барча иштирокчилари маълум.
Мадридликлар икки тўп фарқни йўққа чиқарди
«Атлетико» — «Интер» 2:1
Голлар: Гризманн (35), Депай (87) — Димарко (33).
Пеналтилар серияси — 3:2.
«Атлетико» – Облак, Молина (Барриос, 79), Савич, Эрмосо, Витцел, Коке, Де Паул (Корреа, 71), Лоренте (Аспиликуэта, 99), Гризманн (Саул, 106), Мората (Депай, 79), Лино (Рикелме, 71).
«Интер» – Зоммер, Думфрис (Дармиан, 73), де Врей, Павар, Бастони (Ачерби, 73), Димарко (Биссек, 84), Мхитарян (Классен, 111), Чалхонўғли, Барелла (Фраттези, 84), Тюрам (Санчес, 102), Мартинес.
Огоҳлантиришлар: Эрмосо (41), Коке (90), Чалхонўғли (104), Ачерби (105), Биссек (118).
Биринчи ўйин — 0:1.
Нимчоракфиналдаги энг интригали жуфтлик
Гуруҳ босқичидан кейин 1/8 финал учун қуръа Чемпионлар лигасидаги фаворит ва андердог жамоалар жуфтликларини ҳосил қилганди. Фақат «Атлетико» — «Интер» бундан мустасно. Айнан шу жамоалар қарама-қаршилиги аввалдан турнирнинг ушбу босқичидаги энг шиддатли ва кескин тўқнашувни тақдим этиши кутилганди.
Биринчи ўйинда «Интер» сезиларли устунликка эришди — xG бўйича (кутилган голлар) 1,97 кўрсаткичига эришди ва зарбалар сони бўйича ҳам икки баробар устунлик қилди (13-7). Шундай экан, сафардаги 0:1 ҳисоби Симеоне жамоаси учун нисбатан қониқарли деб аташ мумкин эди. Аргентиналик мутахассис жавоб ўйинидан олдин бежиз «Атлетико» сафарда Европанинг энг яхши клубига ютқазганини айтмаганди.
Нерадзуррилар Диего Симеоненинг бу баҳосига қанчалик муносиблиги — баҳсли масала, аммо Симоне Индзаги кучли жамоа тузгани шубҳасиз, бу жамоадаги ҳар бир футболчи ҳужумда ҳам, ҳимояланишда ҳам ўзи қилиши керак бўлган ишларни яхши билади. Агар «Интер»нинг ўтган мавсумда финалга чиқишини кўпчилик қуръада омади келганига йўйган бўлса, бу мавсумда миланликлар — тан олинган фаворитлар қаторида эди. Жамоа жавоб учрашувига ҳам шундай мақомда ташриф буюрди. Қолаверса, Индзаги ўтган тур ўйинида Мартинес, Де Врей, Павар ва Димаркога дам берди, шунингдей майдон марказидаги асосий футболчиси Чалхонўғли жароҳатдан тузалиб сафга қайтди, шундай экан, миланликлар Мадридда ўзининг бутун кучини намойиш этишга тайёр эди.
«Атлетико»даги вазият эса барқарор эмасди. Бир томондан, «матрасчилар» ўз майдонида ўйнаш устунлигига эга эди, жамоа бу мавсумда ўз уйида фақат икки учрашувда ғалаба қозона олмаган (ла лигада «Хетафе» билан дуранг қайд этилган ва кубок ўйинида «Атлетик»ка мағлуб бўлинган). Қолаверса, «Интер» учун одатда Испания сафари қийин кечади — ушбу мамлакат стадионларида ўтказилган сўнгги ўйиндан фақат учтасида дурангга эришилган, етти бор мағлубиятга учралган. Бошқа томондан, «матрасчилар» ҳозирда қийин даврни бошдан кечирмоқда — «Атлетик»ка қарши ўша муваффақиятсиз ўйиндан кейин ла лигадаги беш ўйинда фақат икки ғалабага эришилди, айниқса сўнгги турда аутсайдер «Кадис»дан оғриқли мағлубиятга учралди (0:2). Шунга қарамай, Симеоне ўз футболчиларига 100 фоиз ишонишини айтди, аммо мавсум бошидан буён мағлубиятга учрамаган «Интер»ни енгиш ҳаддан ташқари қийин вазифа эди.
Илк дақиқалардан ўйин картинаси яққол намоён бўлди — «Атлетико» сезиларли ҳудудий устунликка эга эди, «Интер» тиғиз ҳимояланиб, Димарко ва Дюмфрис каби тезкор латераллари орқали қарши ҳужумларга чиқди. Дастлабки 15 дақиқаликда мезбонлар бир қанча хавфли юришларни амалга оширишди, айниқса чап қанотдан жарима майдонига тинимсиз узатмалар узатилди. Ушбу қанот вакили Линода энг хавфли вазият юзага келди, у ҳимоячиларни ортда қолдириб йўллаган зарбадан кейин Зоммер қаҳрамонлик кўрсатишига тўғри келди. «Интер» эса бунга жавобан Дюмфриснинг икки зарбаси билан жавоб қайтарди — икки ҳолатда ҳам Облак ўз ишини тўғри бажарди.
«Атлетико» аста-секинлик билан бўлса-да тўлиқ ташаббусни ўз қўлига олди, аммо италянларнинг ҳужумлари хавфлироқ чиқди ва биринчи бўлиб гол уришди. Ва голли ҳужум ҳам намунали кўриниш олди. Майдон марказида Лаутаронинг ортга пас бериши «Атлетико» ҳимоячиларини чалғитди ва ҳимоя чизиғи олдинроққа сурилди, рақиб эса бунинг учун жазолади: тўп яна майдоннинг учинчи қисмига етказиб берилди, Барелла ўзига хос бўлмаган чап қанотдан жарима майдонига ёриб кириб, марказий ҳужумчи позициясида пайдо бўлган Димаркога ўзи учун ишчи бўлмаган ўнг оёғида аниқ зарба йўллади.
Қарама-қаршилик тақдири ҳал бўлгандай кўринаётганда эса «Атлетико» тарихидаги энг яхши тўпурар катта саҳнага чиқди. Қанотдан узатилган тўп жарима майдонидан узоқлаштирилганида Коке уни яна жарима майдонига ташлаб берди, Павар тўпни қайтаришда хатога йўл қўйди ва тўп дарвозабон майдонида ёлғиз қолган Гризманнга бориб тушди, у ҳисобни тенглаштириш учун тўпга тегиниб қўйиши кифоя эди.
Индзагининг муваффақиятсизликка учраган катеначчоси
Кутилганидек ўйин тактик дуэлга айланиб кетди — икки мураббий ҳам футболчиларни бир-бирига қараб алмаштирди.
«Атлетико» ҳужумларда урғуни ўнг қанотга қарата бошлади, бу томонда Лиоренте фаоллашди, аммо унинг узатмаларини «Интер» ҳимоячилари учлиги қийинчиликсиз бартараф этди, майдон марказини эса яримҳимоячилар учлиги ёпиб, рақиб ҳужумларни марказдан ривожлантиришига йўл қўймади. Ўйиннинг 70-дақиқаларигача учрашув Индзаги сценарийси бўйича кетаётгани кўриниб турарди — мезбонлар тўпга эгалик қилишди, аммо хавфли ҳужумлар уюштириш тобора қийинлашиб бораётганди, меҳмонлар катеначчо услубида ўйин суръатини туширишга ҳаракат қиларди.
75-дақиқада кам сонли қарши ҳужумлардан бирида Тюрам ўйинга нуқта қўйиши мумкин эди, аммо француз яқин бурчакни аниқ нишонга ололмади. Кейин эса Бареллада яхши имконият бўлди, аммо бу вақтга келиб ҳолдан тойиб қолган футболчининг зарбасига аниқлик етишмади. Кейин эса воқеалар ривожи «сен урмасанг — сенга уришади» нақли бўйича кечди. Амалда барчаси Мората ўрнига Депай тушиши билан ўзгарди. Мемфис майдонга тушиши билан бошда хавфли зарба йўллади, кейин жарима майдони ташқарисидан йўллаган зарбаси билан устунни титратди. Икки дақиқа ўтиб эса барибир ўз мақсадига эришди — Де Врейнинг таъқибидан қочиб, ўз жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди.
90+3-дақиқада Рикелме Гризманнинг пасидан кейин ўйинга нуқта қўйиши мумкин эди, аммо 11 метрлик зарба ҳудудидан туриб тўпни тўсин устидан ошириб тепди — Симеоне умидсизлик билан газонга қулади.
Овертайм Чемпионлар лигаси плей-офф ўйинларига хос тарзда кечди — эҳтиёткорона ва вазиятларга мўл бўлмаган ҳолда. Жамоалар бир неча мартадан ҳужумлар уюштиришди, аммо яққол хавфли вазиятлар юзага келмади.
Пеналтилар сериясида эса «Атлетико» дарвозабони Ян Облак қаҳрамонга айланди. Словениялик Санчес ва Классен ижросидаги оддий зарбаларни қайтарди. Лаутаро эса тўпни «Метрополитано» трибуналари томон йўллаб, мезбонларни чоракфиналга жўнатди.
ПСВ қўшимча дақиқаларда қутулиб қолиши мумкин эди. Аммо Ройс ҳал қилди
«Боруссия» Д — ПСВ 2:0
Голлар: Санчо (3), Ройс (90+5).
«Боруссия» Д – Кобел, Зюле, Ҳуммелс, Жан, Матсен, Забитцер, Брандт (Нмеча, 58), Ўзжан, Мален (Адейеми, 70), Санчо (Ройс, 75), Фюллкруг.
ПСВ – Бенитес, Тезе, Боскалли, Сҳаутен, Дест, Мауро Жуниор (Бабади, 86), Тил (Лосано, 46), Верман (Пепи, 82), Тиллман, Бакайоко, де Йонг.
Огоҳлантиришлар: Зюле (88), Нмеча (89).
Биринчи ўйин — 1:1.
Нимчоракфинал ўйинлари бошланишидан олдин экспертлар бу жамоалар ушбу босқичдаги энг тенг кучли жуфтликни ҳосил қилганини айтишаётганди. Бундеслиганинг тўртинчи жамоаси Нидерландияда умуман мағлубиятга учрамаган ва яққол етакчи бўлган ПСВ билан ўйинларда фаворит саналмасди. Эйндҳовендаги биринчи ўйинда ҳам кучлар тенг келди. Жамоалар биттадан гол уришди ва Дортмунддаги жавоб ўйини олдидан интрига ҳосил қилишди. Албатта, сафардаги дуранг «Боруссия»га кичик устунлик тақдим этарди. Асосий марказий ҳимоячиси Нико Шлоттербек дисквалификацияга учрагани ва ўнг қанот ҳимоячиси Юлиан Рюэрсон йўқлигига қарамай. Аммо ПСВ ҳам таслим бўлиш ҳақида ўйламаётганди. Жамоа ички чемпионатда ғолибликни бой бериб қўйиши даргумон, шундай экан асосий урғуни еврокубокка қаратиш мумкин эди.
«Боруссия» эса ички чемпионатни бир четга суриб, асосий урғуни ЕЧЛга қарата олмасди. Чунки жамоа кўп йиллардан буён илк бор асосий еврокубок йўлланмасисиз қолиши мумкин. Ҳозирда дортмундликлар тўртинчи ўринда бормоқда, аммо бу позицияни сақлаб қолиш ҳам керак. Чунки бу ўринга даъвогарлар етарлича. Аммо биринчи бўлимда немислар барча муаммоларни унутишди ва бор эътиборни рақибга қаратишди.
Меҳмонлар дарвозабони иккинчи дақиқадаёқ ўзини кўрсатишига тўғри келди. Бакайоко икки футболчи босими остида қолди, аввалига Брандт қулай позицияга чиқиб борди, аммо унинг йўлини тўсишди, кейин Матсен гол уриши мумкин эди, аммо ПСВ посбони яхши ҳаракат қилди. Лекин кейинги ҳужумда барибир гол урилди. Санчо дарвозадан тахминан 20 метр масофадан туриб бурчакни аниқ нишонга олди. Бу унинг қаторасига иккинчи голи – англиялик футболчи олдинги ўйинда «Вердер» дарвозасини ишғол этганди.
Тўрт дақиқа ўтиб немисларнинг иккинчи голи кичик офсайд туфайли бекор қилинди, аммо улар гангиб қолган рақибни тезда таслим қилиш учун тўхтовсиз ҳужум қилишда давом этишди. 11-дақиқада Никлас Фюллкруг мудофааси пароканда бўлиб кетган меҳмонларни очиқчасига кечирди. Биринчи бўлимда мезбонларда супервазиятлар етарлича бўлди – Дониэлл Маленнинг ўзи иккита қулай имкониятни кўкка совурди. ПСВ фақат 25-дақиқадан кейин ўзига кела бошлади ва ҳужум уюштиришга ҳаракат кўзга ташлана бошлади. Аммо дортмундликлар ҳимояда ҳам бенуқсон ўйин кўрсатишди, айниқса Матс Ҳуммелс рақибларга ҳеч қандай имконият қолдирмади. Нидерландияликлар фақат мўъжиза туфайли иккинчи бўлимга ҳам интригани сақлаб қолишди.
Танаффусдан кейин ҳам меҳмонлар Маленнинг ҳужумини ўтказиб юборишди, аммо кейин ўйин тенглаша бошлади. Кейин эса мезбонлар ўз жарима майдонида қамалиб қолишди. «Боруссия» бу мавсумда аввал ҳам кўп кузатилгани каби тушунарсиз равишда тўлиқ устунлик қилаётган ўйинида ташаббусни рақибга бериб қўйди.
Аввалига Ирвин Лосано ҳисобни тенглаштириши мумкин эди, аммо устун «Боруссия»ни қутқарди. Кейин Жоан Бакайоко қулай вазиятга эга бўлди, у Ҳуммелсни доғда қолдирди ва яхши зарба берди. Шундан кейин ўйин дурангга қараб кета бошлади. «Боруссия» буткул иложсиз кўринарди. Немислар умуман тўпга эгалик қилишмади ва вазиятлар яратишмади.
75-дақиқада жароҳат олган Санчо ўрнига Марко Ройс тушишигина вазиятни ўзгартирди. У тўпга илк тегинишдаёқ жарима майдонидаги Фюллкругга идеал узатма берди, ҳужумчи ҳам бир тегинишда дарвоза тўрини ишғол этди. Аммо хурсандчилик узоққа чўзилмади: видеоассистентлар кичик офсайдни қайд этишди.
Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда эса Люк де Йонг дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб кетди, аммо тўпни дарвоза тўсини устидан юқорига тепди ва ўйинни қутқара олмади. Кейин эса нидерландиялик ҳимоячилар оддий вазиятда хатога йўл қўйди, Ройс Валтер Бенитес билан дуэлда устун келиб, ўз жамоасини чоракфиналга олиб чиқди.
Чемпионлар лигаси 1/4 финалининг барча иштирокчилари
– «Манчестер Сити» (Англия)
– «Арсенал» (Англия)
– «Боруссия» Д (Германия)
– «Бавария» (Германия)
– «Реал» (Испания)
– «ПСЖ» (Франция)
– «Барселона» (Испания)
– «Атлетико» (Испания)
Қуръа 15 март куни, Тошкент вақти билан соат 16:00 да бошланади.
Чоракфиналнинг биринчи ва жавоб учрашувлари мос равишда 9–10 ҳамда 16–17 апрел кунлари ўтказилади.
Мавзуга оид
11:17 / 12.12.2024
«Сити» яна ютқазди, «Барса»да муҳим ғалаба. ЕЧЛда кун ўйинлари
11:37 / 28.11.2024
Мбаппе яна уялтирди, ПСВда тарихий камбэк. Кун ўйинлари
11:38 / 27.11.2024
«Сити» 3 та гол устунлигини бой берди, «Арсенал» истаганча гол урди. Кун ўйинлари
13:17 / 06.11.2024