Чемпионлар Лигаси. Яримфинал, биринчи ўйин
«Барселона» – «Интер» 3:3
Голлар: Ямал 24, Торрес 38, Зоммер (автогол) 65 – Тюрам 1, Дюмфрис 21, 64
«Барселона»: Шченсни, Мартин (Араухо 46), Мартинес, Кубарси (Кристенсен 83), Кунде (Гарсия 42), Педри (Гави 83), де Йонг, Олмо (Лопес 67), Рафиня, Торрес, Ямал
«Интер»: Зоммер, Бастони, Ачерби, Бисек, Димарко (Карлос Аугусто 55), Мхитарян, Чалхонўғли (Фраттези 71), Барелла, Дюмфрис (Дармиан 81), Тюрам (Зелински 81), Мартинес (Торимий 46)
Огоҳлантиришлар: Кубарси 70 – Чалхонўғли 59
Ҳанс-Дитер Флик Испания кубоги финалидаги ғалабадан кейин шогирдларида навбатдаги муҳим ўйин учун энергия етиши борасида хавотирда бўлгани тайин. Аммо у бундай ёмон стартни кутмагани аниқ – «Барселона» 33-сониядаёқ гол ўтказиб юборди. «Интер» мезбонларнинг юқори жойлашган ҳимоя чизиғидаги хатодан фойдаланди. Ҳужумнинг иккинчи темпида Барелла Кунде қайтарган тўпни эгаллади ва ўнг қанотга, Дюмфрисга узатди, у эса жарима майдони марказида турган Тюрамни топди. Жароҳатидан яқинда фориғ бўлган француз ҳужумчиси эса шунчаки ажойиб ўйнади. Унинг товони билан урган голи Чемпионлар лигасининг бу мавсумдаги энг яхши голи деб топилиши мумкин. Бу вазиятда «Барса» марказий ҳимоячиси Мартинес йиқилиб тушгани ҳам унга қўл келди.

Кўк-анорранглилар дарҳол олдинга ташланди ва рақибни жарима майдони ичига қамаб қўйишга ҳаракат қилди, кучли прессинг уюштирилди ва тўп тез қайтариб олинаверди. «Нерадзуррилар» жарима майдони ичида де Йонг ва Ямал йиқилиб пеналти сўрашди, аммо ҳакам уларга ишонмади. Вазият мезбонларнинг голига қараб кетаётганди, «Барса»нинг стандарт вазиятлари ҳам хавфли тус олганди. Аммо биринчи бўлим ўрталарида «Интер» бурчак зарбасидан иккинчи голини урди. Биринчи голга ассистентлик қилган Дюмфрис жарима майдони ичида Ачерби ташлаб берган тўпни акробатик услубда дарвоза тўрига йўллади.
«Барселона» мухлислари тинчиб қолишди. Бўлим давомида ўйиннинг 70 фоиз вақтида тўпга эгалик қилган ва тинимсиз комбинация уюштирган Флик шогирдлари «Интер» жарима майдонига марказдан ёриб кира олишмади, меҳмонлар бу ҳудудни марказий ҳимоячилар учлиги, шунингдек ҳавбеклар ва форвардлар орқали бетонлаб қўйганди.
Шундай паллада Ямал катта саҳнага чиқди. Ушбу ўсмир амалга оширган ҳаракатларни сўз билан ифодалаш қийин. «Барса» ҳужум чизиғидаги асосий воқеалар ўнг қанотда рўй бера бошлади. Аввалига Ламин Димаркони ҳамда унинг ортидаги Мхитарян ва Бастонини доғда қолдириб, хавфли зарба йўллади. Кўп ўтмай эса барибир шедевр голини урди: тўпни Тюрамдан олиб қўйиб олдинга юрди, Генрихни алдаб ўтди ва ҳимоячилар ортидан кутилмаганда зарба бериб қолди – тўп аввалига устунга тегди, кейин дарвоза тўрига бориб тушди. Зоммер жойидан қимирлай олмади.











