11:30 / 15.03.2024
27845

Дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати кўтарила бошлайди

Ўзбекистон бўйича 15-17 март кунларига об-ҳаво прогнози берилди.

Фото: Kun.uz

Республика ҳудудининг катта қисмида қуруқ ва кам булутли об-ҳаво дам олиш кунларида ҳам сақланиб туради. Фақат Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 17 март якшанба куни баъзи жойларда бироз ёмғир ёғиши мумкин.

“Ўзгидромет” хабарига кўра, республиканинг айрим жойларида шамол тезлиги 15-18 м/с гача кучайиши мумкин.

14 март куни кириб келган совуқ ҳаво массаси ҳисобига Ўзбекистоннинг барча вилоятларида кескин совуқ бўлди, аммо у республика ҳудудидан тез чиқиб кетмоқда ва ҳаво ҳарорати кўтарила бошлайди.

Бугун куннинг иккинчи ярмида ҳарорат +8...+13 даража атрофида бўлади, якшанба куни эса ҳаво 15-20 даражагача кўтарилади.

Шанбадан якшанба ўтар кечаси республика бўйича баъзи жойларда бироз совуқ сақланиб туради, якшанба куни ҳарорат кечаси +2...+7 даражагача кўтарилади. Кечаси ва эрталаб баъзи жойларга туман тушади.

Бугун ва дам олиш кунлари тоғларда ёғингарчилик кутилмайди. Қор кўчиши хавфи сақланиб туради.

Пойтахтда 15-17 март кунлари ёғингарчилик кутилмайди. Кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин. Шамол шарқдан 3-8 м/с тезликда эсади. Ҳарорат: бугун кундузи +9...+11 даража, шанба куни кечаси -0...-2 даража, кундузи +13...+15 даража, якшанба куни кечаси +2...+4 даража, кундузи +16...+18 даража бўлади.

Top