Жаҳон | 15:12 / 16.03.2024
9137
3 дақиқада ўқилади

БМТ бош котиби Украинанинг эгаллаб олинган ҳудудларидаги сайловларни қоралади

Украинанинг эгаллаб олинган ҳудудларида Россия президенти сайловлари ўтказилиши БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида яна 50 дан ортиқ давлат томонидан қораланди.

Фото: AP

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Украинанинг Россия томонидан эгаллаб олинган ҳудудларида сайловлар ўтказилишини танқид қилди. Унинг эслатишича, ноқонуний аннексия қилишга уриниш халқаро ҳуқуқда ҳеч қандай кучга эга эмас. Гутерришнинг сўзларини 15 март, жума куни унинг матбуот котиби Стефан Дюжаррик келтирди.

«БМТ Украинанинг халқаро тан олинган чегаралари доирасидаги суверенитети, мустақиллиги, бирлиги ва ҳудудий яхлитлигига қатъий содиқ қолади», деди Гутерриш. 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик кенгаши 15 мартдаги йиғилишида сайлов масаласини ҳам муҳокама қилган. 50 дан ортиқ давлат қўшма баёнотда халқаро ҳуқуқни бузган ҳолда эгаллаб олинган Украина ҳудудларида Россия президенти сайловлари ўтказилишини кескин танқид қилди. 

Сайловлардаги номзодлар

Сайловда тўрт нафар номзод иштирок этмоқда: амалдаги президент Владимир Путиндан ташқари, ЛДПРдан Леонид Слуцкий, Россия Федерацияси Коммунистик партиясидан Николай Харитонов ва «Новые люди» партиясидан Владислав Даванков ўз номзодларини илгари сурди. 

Россия Федерациясини 24 йил бошқариб келаётган 71 ёшли Путин яна олти йилга олий давлат лавозимига қайта сайланиш ниятида. 

Акциялар

Феврал ойи ўрталарида Қутб доирасидан ташқаридаги колонияда вафот этган россиялик мухолифатчи Алексей Навалнийнинг ҳамкорлари россияликларни 17 март куни соат 12:00 да сайлов участкаларига боришга ва шу тариқа сиёсат ҳамда рақобатсиз сайловларга қарши норозилик билдиришга чақирмоқда. Навалнийнинг ўзи ҳаёти давомида кампанияни қўллаб-қувватлаган. Михаил Ходорковский, Михаил Лобанов, Максим Резник, Дмитрий Гудков ва бошқа россиялик мухолифатчилар ҳам бу ҳаракатни қўллаб-қувватлади. Сиёсатчининг беваси Юлия Навалная Ғарбни Россия Федерациясидаги сайлов натижаларини тан олмасликка чақирди.

Москва прокуратураси 17 март куни тушдан кейинги митингларда иштирок этмаслик тўғрисида огоҳлантирди. Асосий сайлов куни тушдан кейин сайлов участкаларида «мувофиқлаштирилмаган ҳаракатлар»да иштирок этиш жиноий қонунбузарлик сифатида баҳоланади, дейилади департаментда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид