Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россияда сайлов якунлари. Асосий маълумотлар
Россияда президентлик сайловлари якунланди. Марказий сайлов комиссиясининг сўнгги маълумотларига кўра,амалдаги президент Владимир Путин 87 фоиздан ортиқ овоз билан ғалаба қозонган. Масофадан берилган овозлар қўшиб ҳисобланганда, федерал давомат 74 фоиздан ошган — Кремл ҳам айнан шундай натижага эришишга ҳаракат қилганди. Сайлов жараёнида кузатувчилар ва ОАВ қоидабузарликлар — бюджет ходимлари овоз беришга келишга мажбурланиши ва яширин овоз беришга халақит беришга уринишлар ҳақида хабар берди.
Путин 87,3 фоиз билан устун келди. Унинг рақобатчилари жами бўлиб — 13 фоиздан камроқ овоз тўплаган
Давлат социологик хизматлари дастлабки экзит-полларни маҳаллий вақт билан соат 21:00 да эълон қилишди — бу вақтга келиб Россия ҳудудидаги барча участкалар ёпилганди. Барча экзит-поллар бешинчи муддат учун номзодини қўйган Владимир Путиннинг ишончли ғалабасидан дарак бераётганди.
Марказий сайлов комиссияси 18 март куни куннинг биринчи ярмида протоколларнинг 99 фоизи ҳисоблаб чиқилганидан кейин президент Владимир Путин 87,31 фоиз овоз тўплагани, сайловда давомат 77,44 фоизни ташкил этганини хабар қилди.
2018 йилда ўтказилган олдинги сайловларда Владимир Путин 76,69 фоизлик натижа билан ғалаба қозонганди.
Унинг рақиблари эса жами 13 фоиздан камроқ овоз олган.
Россия Федерацияси Коммунистик партияси (КПРФ) номзоди, 75 ёшли депутат Николай Харитоновга иккинчи ўринни олди (4,30 фоиз), учинчи ўринни — Дума вице-спикери, «Янги одамлар» партияси номзоди Вячеслав Даванков (3,83 фоиз), тўртинчи ўринни — оссия либерал-демократлар партияси (ЛДПР) раиси Леонид Слуцкийн (3,21 фоиз) эгаллади.
Владимир Путин энг кўп овозни Чеченистонда олган — 98,99 фоиз. Бу ҳудудда давомат 97,06 фоизни ташкил этган.
Кемерово областида амалдаги давлат раҳбари 95,73 фоиз, Тувада — 95,37 фоиз, Яҳудийлар автоном областида — 92,35 фоиз, Саратов областида — 91,66 фоиз, Белгород областида — 90,66 фоиз, Адигейда — 90,18 фоиз, Карачаево-Черкесияда — 90,07 фоиз овоз олган.
Расмий маълумотларга кўра, Москвада сайловчиларнинг 85,13 фоизи, Москва областида — 86,19 фоизи Путинга овоз беришган.
Аннексия қилинган Севастополда унинг кўрсаткичи 92,6 фоизни ташкил этган.
Энг юқори давомат Чеченистондан ташқари (90 фоизда ортиқ) Кемерово области, Тива, Қабордин-Болқория ва Шимолий Осетияда кузатилган. Узоқ Шарқда ҳам сайловчилар участкаларга келиши юқори даражада бўлган.
МСКнинг сайлов якунлари бўйича йиғилиши пайшанба куни ўтказилади.
Натижалар, ОАВда сайловлар арафасида ёзилганидек, Кремл интилган кўрсаткичларга яқин бўлган. Давомат Россиядаги президентлик сайловлари тарихидаги энг юқориси бўлди.
2018 йилда сайловчиларнинг 67,54 фоизи участкаларга келганди — бу сафарги сайловлар эса якшанба куни участкалар ёпилишига ҳали бир неча соат борлигида янгиланди. Лекин Шу билан бирга, олти йил муқаддам овоз бериш жараёни фақат бир кун давом этганди.
Агар МСКга ишонилса, ҳатто Украина билан чегарадош бўлган ва сўнгги уч кун давомида тинимсиз ўққа тутилган ҳудудларда ҳам одамлар фаоллик билан овоз беришган. Масалан, расмийларга кўра, Белгород областида давомат якшанба куни тушдаёқ 83 фоизни ташкил этганди.
Украинанинг Россия томонидан оккупация қилинган ҳудудларида ҳам овоз бериш жараёни ташкил этилди — Ғарб мамлакатлари буни бир неча бор Украина суверенитети бузилиши сифатида баҳолаган. Запорижжя, Херсон, Донецк ва Луҳанск областларининг Россия армияси томонидан эгаллаб олинган ҳудудлари аҳолиси ўз уйларида овоз беришга мажбур қилинди, қуролланган ҳарбийлар ҳамроҳлигидаги комиссия аъзолари уйма-уй юриб овоз йиғишди.
Россия ҳукумати аннексия қилинган ҳудудларнинг барчасида Путиннинг натижалари бутун мамлакатнинг ўртача даражасидан юқорироқ эканини маълум қилган: Запорижжя, Донецк ва Луҳанск областларида — 90 фоиздан ортиқ, Херсон областида — 88 фоиздан ортиқ.
Москва вақти билан тун ярмидан оғганда Путин ўз сайловолди штабига келди ва бир соатлик матбуот анжуманида иштирок этди. У нафақат сайловдаги ғалабаси, балки бошқа мавзуларда ҳам гапирди. Путин Украинадаги уруш, тизимсиз мухолифат ҳақида гапирди ва ҳатто илк бор сиёсатчи Алексей Навалнийнинг номини тилга олиб, гўёки уни ўлимидан олдин Ғарб билан алмашиш ғоясига розилик берганини билдирди.
Давлат раҳбари «Путинга қарши чошгоҳ» акцияси бўйича ҳам муносабат билдирди. У мухолифатни россияликларни участкаларга чақиргани учун мақтаган (гарчи унга қарши овоз беришга бўлса ҳам), аммо унга қарши чиқишлар «ҳеч қандай эффектга эга бўлмагани»ни қўшимча қилган. Путин ўзининг спарринг-ҳамкорларига ҳам тўхталган — тизимли мухолифат вакиллари бўлган бу номзодлар жами бўлиб 13 фоиздан камроқ овоз тўплашди.
«Менимча, бугунги шароитда уларнинг электоратининг каттагина қисми, биз ҳозирда барчамиз турган мураккаб вазият туфайли, барибир амалдаги давлат раҳбарига овоз беришни афзал кўрмоқда», — деган президент.
Сайловлар ҳақида гапираркан, Путин масофавий электрон овоз беришни «шаффофлиги» ва «объективлиги» учун мақтаган (электрон овоз беришда қатнашганларнинг аксари, жумладан сайловларда ишда ўтирган ҳолатида овоз беришга мажбур қилинган бюджет ходимлари Путинга овоз беришган). Шунингдек, у бюллетенларини яроқсиз ҳолатга келтирган сайловчиларни танқид қилиб, улар «ўз фуқаролик бурчини адо этишга келган» бошқа сайловчиларга «зарар етказгани» ҳақида айтган. Путин Украинанинг оккупация қилинган ҳудудларида ўзига овоз берганларни ҳам алоҳида тилга олиб ўтган. У буни Россия «барчасини тўғри қилаётгани» белгиси сифатида кўрсатган.
Хорижлик журналистлар Путиндан агар алянс Украинадаги урушга тўлақонли равишда қўшилса, Россия ва НАТО ўртасида тўғридан тўғри ҳарбий можаро келиб чиқиши эҳтимоли ҳақида сўрашган. «Бу [НАТО билан уруш] кенг кўламли учинчи жаҳон уруши дебочаси бўлади. Ўйлайманки, ҳеч ким бундан манфаатдор эмас», — деган РФ президенти.
Қоидабузарликлар ва қўлга олишлар
Мустақил кузатувчилар овоз беришнинг уч куни давомида бутун мамлакат бўйлаб участкаларда бўлиб ўтган қоидабузарлик ҳолатлари ҳақида хабар беришди. Бу давлат хизматчиларининг овоз беришга мажбурланишини ҳам, сайлов қутиларини сохта бюллетенлар билан тўлдиришни ҳам ва ҳукумат 2024 йилги сайловларда баъзи ҳолатларда яширин овоз беришга қўймаганини ҳам ўз ичига олади.
«Голос» ташкилоти ҳамраиси Станислав Андрейчукка кўра, сохталаштириш кўламини баҳолаш янада қийинроқ бўлган. «Чунки бу сайловларда кузатувчилар деярли йўқ. Улар бор жойларда эса одатдаги технологиялар қўлланмоқда. Шунчаки, барчаси ҳар қачонгидан ёмонроқ».
Андрейчук «Голос» каби ташкилотлар қатағонлар туфайли ўз кузатувчиларини участкаларга юбора олмаганини билдирган. Бундай ҳуқуқ фақат номзодлар ва партияларда бўлган — улар эса бу йил бундан амалда бутунлай бош тортишди, дейди эксперт.
Расмийлар сайловлар натижаларига таъсир кўрсатишга, масалан, давоматни оширишга ҳаракат қилаётгани ҳақидаги шикоятлар овоз бериш бошланишидан бир неча кун олдин кела бошлаганди. Бутун мамлакат бўйлаб бюджет ходимлари ва давлат компаниялари ишчилари участкага келишга ёки электрон овоз беришда қатнашишга мажбурланган.
Сайловлар кунида эса BBC билан суҳбатда бюджет соҳасида ишловчи кишилар овоз беришнинг биринчи кунидаёқ раҳбарлар барчадан сайловдан қатнашганлиги тўғрисида ҳисобот сўраган.
Татаристондаги давлат муассасаларидан бирининг ходими бу йил давомат устидан назорат «барча йиллардагидан қаттиқ бўлгани»ни билдирган.
«Овоз бериш бошланишига икки кун қолганида мен ўзим ишлаган 30 йил давомида кузатилмаган разнарядка (бирор ишни бажариш учун ҳужжат) эълон қилинди. Менинг бўлимимда 32 киши бор. Ва одатда шунчаки юқори лавозимдаги бошлиққа „менинг“ ходимларим кун ярмида овоз бериб бўлганини айтишим кифоя қиларди. Бу сафар эса бу иш икки баробар қатъийлашди. Мен ҳар бир ходимдан овоз берган участкаси рақамини ва овоз берган вақти ҳақидаги маълумотларни йиғишим талаб этилди. Ва бу барча маълумотлар табличкада қайд этилди. Мен барча шанба куни соат 16.00 га қадар овоз бериб бўлишини таъминлашим керак эди. Участкаларнинг рақамлари ёзилган табличкани эса душанба куни соат 9 гача топширишим».
Волгабўйидаги университетлардан бирида дарс берувчи ўқитувчи BBC билан суҳбатда айтишича, пайшанба куни уларга кафедра бошлиғи қўнғироқ қилган ва «мулойимлик, аммо қатъият билан жума куни кун охиригача овоз бериб бўлишни сўраган». «Уни уялтириб қўймасликни, чунки агар кимдир бормаса — бундан барча хабар топиши ва кейин муаммолар бўлишини айтишди».
Афтидан, бу расмийлар давоматни ошириш учун фойдаланган ягона метод эмасди. Сайловларни кузатиш бўйича мустақил эксперт Роман Удот 17 март куни Марказий сайлов комиссиясининг ички маълумотлар базасига киришга муваффақ бўлганини айтган. Шу туфайли у Россиянинг бир қанча регионларида сайловнинг биринчи кунида комиссия турли сайлов участкаларида мутлақо бир хил рақамларни эълон қилганини аниқлаган. Масалан, бундай ҳолатлар Доғистонда ва Кемерово областида рўй берган. Ҳолбуки, ҳақиқий ҳолатда рақамлар турлича шаклда бўлиши керак эди.
Сайлов қутиларига комиссия аъзолари томонидан тўлдирилган бюллетенлар ташланиши ҳолатлари ҳам кузатилган. Буни ҳатто партия кузатувчилари ҳам қайд этишган: масалан, Краснодар ўлкасида коммунистик партия комиссияси аъзоси қутида букланган бюллетенлар тўпламини топган ва полицияга мурожаат қилган. Партиянинг ҳудудий бўлими ушбу ҳолат видеосини эълон қилган.
Бюллетенлар ташлангани акс этган яна бир видео «Голос» томонидан тарқатилган. Унда Краснодардаги участкалардан бирида аёл қутига бир неча бюллетен ташлаётгани акс этган. Бундай ҳолатни камерада қайд этиш «катта муваффақият», деган Станислав Андрейчук видеоёзув изоҳида.
Овоз беришнинг сўнгги кунида шикоятларнинг кўпчилиги расмийлар амалда сайловчиларга яширин овоз бериш имкониятини тақдим этмагани билан боғлиқ эди. BBC суҳбатдоши айтишича, комиссия аъзолари ва полициячилар уларнинг бюллетенларини кўздан кечиришган, айрим участкаларда эса овоз бериш кабинкалари парда билан тўсилмаган.
Участкаларда сайлов қутилари олдида полиция ходимлари турган ва одамлар бюллетенга нима ёзганини ўқишган. Айрим россияликлар бюллетендаги ёзувлар полициячиларга ёқмагани учунгина қўлга олинган.
Масалан, «ОВД-Инфо» хабарига кўра, Москванинг Строгино районида қандайдир ёзув бўлган бюллетенни олиш учун овоз бериш қутисини очишга ҳаракат қилишган. Комиссия раҳбари эса бу талабни бажаришдан бош тортган.
Коломнада маҳаллий аҳоли вакили Карина Градусова бюллетенига қинғир-қийшиқ қилиб чизиб чиққани учун бир ярим ёшли чақалоғи билан бирга қўлга олинган. Кейин аёлга чақалоқни қариндошларига бериб келишга рухсат берилган, унинг ўзи эса полиция бўлимига қайтарилган.
Москва областидаги Пушкино шаҳридаги участкада полиция сайловчи номзодларга муносабатини ифода этган бюллетенни сайлов қутиси олдида суратга олган, дея ёзади «ОВД-Инфо».
Петербургда сайловчи аёлга бюллетендаги «Нет войне» ёзуви туфайли армияни обрўсизлантириш бўйича протокол тузилган. Москвадаги участкада ҳам худди шундай ҳолат бўйича яна бир аёлга протокол тузилган. Костромада эса коммунистик партиянинг ушбу шаҳар бўлими котиби Андрей Тарасовга худди шу модда бўйича протокол тузилган. У «Нет войне» ёзуви ва Владимир Путинга белги қўйилган бюллетен фотосини тармоққа жойлаштирганди.
«Ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қонунсизлик. Аммо буни кутилмаган ҳолат деб айта олмайман — бу воқеаларнинг мантиқий ривожи эди. Россияда сайлов кампанияси эркин эмас: одамлар ҳатто қўшнилари билан сиёсатни муҳокама қилмай қўйишди, бу жуда хавфли. Махсус ҳарбий амалиётни танқид қилиш қонун билан тақиқланган, яъни бу сайловдаги асосий номзодлардан бирининг асосий ишини. Арзимас танқид учун ҳам маъмурий ёки жиноий иш очилиши мумкин. Шундай экан, овоз бериш кунларида полициячиларнинг бу ҳаракатлари мантиққа тўғри келади», — дея изоҳлаган Станислав Андрейчук.
«ОВД-Инфо» хабарига кўра, Россияда президентлик сайловлари вақтида 17 шаҳарда жами 75 киши қўлга олинган.