Жаҳон | 22:26 / 21.03.2024
13971
2 дақиқада ўқилади

Хитой банклари Россиядан юандаги тўловларни блоклашни бошлади — ОАВ

Банклар АҚШ томонидан иккиламчи санкциялар ва босимлардан қўрқмоқда. Кўпгина йирик Хитой банкларининг Қўшма Штатларда ваколатхоналари бор.

Фото: Известия

Хитойнинг бир қанча банклари Россиядан юандаги тўловларни қабул қилишни тўхтатди, улар бундай операцияларни мижозларга қайтаришни бошлади. Бу ҳақда «Известия» хабар берди.

«Первая Группа» компанияси бош директори Алексей Порошин сўзларига кўра, россиялик мижозлар камида саккизта банк томонидан блокланган: Ping An Bank, Bank of Nengbo, Great Wall West China, Dongguan Rural Commercial, China Guangfa, Kunshan Rural Commercial, Shenzhen Rural Commercial ва China Zheshang.

Таъкидланишича, банклар АҚШ томонидан иккиламчи санкциялар ва босимлардан қўрқмоқда. Кўпгина йирик Хитой банкларининг Қўшма Штатларда ваколатхоналари бор.

Илгари муаммолар фақат Россиядан Хитой банкларига доллар ўтказмалари билан боғлиқ бўлган. Миллий валютадаги транзакцияларда муаммо бўлмаган, халқаро иштирокдаги банклар бундан мустасно: CitiBank, Standard Chartered Bank, HSBC, JP Morgan, BNP Paribas, Deutsche Bank ва Mizuho Bank. Уларнинг аксарияти икки йил аввал юандаги тўловлар билан ишлашни тўхтатган эди.

Турк банклари ҳам Россия мижозларига хизмат кўрсатишдан бош тортмоқда ёки тўловларни кечиктирмоқда. Январ ойида Россия билан ҳисоб-китоблар йирик турк иштирокчиси Nurol Bank томонидан чекланган эди. OhMySwift портали (халқаро SWIFT пул ўтказмаларини таҳлил қилувчи) маълумотларига кўра, 2023 йил декабридан бошлаб Россиядан Туркияга кўпчилик пул ўтказмалари рад этиляпти.

Юандаги тўловларни қабул қилишдан бош тортиш Россия компаниялари учун ҳисоб-китобларни янада мураккаблаштиради. Аммо тўловларни бир неча йўллар билан давом эттириш мумкин: тўловлари Хитойда ҳали ҳам қабул қилинадиган Россия банки орқали, компаниянинг Хитойда ёки бошқа «дўстона мамлакатда» филиалини очиш орқали, шунингдек, Ҳонгконгдаги ҳамкорлар орқали.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид