Жаҳон | 20:13 / 28.03.2024
24362
2 дақиқада ўқилади

«Крокус»даги теракт иши бўйича яна бир киши ушланди

У террорчилик ҳаракатини молиялаштириш схемасида иштирок этгани таъкидланмоқда. 

Фото: AFP/Getty Images

Москвадаги «Крокус Сити Холл» концерт залида юз берган террорчилик ҳаракатига алоқадор яна бир гумонланувчи қўлга олинди. Бу ҳақда Россия Тергов қўмитаси хабар берди. 

Терговчиларга кўра, у «терроризмни молиялаштириш схемасида» иштирок этган. Тергов қўмитаси суддан уни ҳибсга олишни сўрайди. Хабарда гумонланувчининг шахсига ойдинлик киритилмаган. 

Ҳозирги вақтда 8 нафар гумонланувчининг шахси маълум. Улардан 4 нафари бевосита концерт залида одамларга ўқ узган: Далержон Мирзоев, Саидакрами Ражабализода, Шамсидин Фаридуни ва Мухаммадсобир Файзов. 

3 нафари террорчилар фойдаланган «Рено» автомобили билан боғлиқ: Диловар Исломов автомобилнинг охирги эгаси бўлган, унинг акаси Аминжон Исломов ва отаси Исроил Исломов. 

Шунингдек, Алишер Қосимов, тергов версиясига кўра, ўз квартирасини террорчиларга ижарага берган. 

Шунингдек, Россия Тергов қўмитасининг маълум қилишича, «Крокус»даги теракт ижрочилари Украинадан маблағ ва криптовалюта олган. 

«Қўлга олинган террорчилар билан ишлаш, улардан қўлга олинган техник воситаларни ўрганиш ва молиявий операциялар тўғрисидаги маълумотларни таҳлил қилиш натижасида уларнинг украиналик миллатчилар билан алоқаси борлигига оид далиллар олинди», дейилади хабарда.

Мавзуга оид