Жаҳон | 11:03 / 29.03.2024
6083
2 дақиқада ўқилади

Макрон: Путин G20’га фақат умумий келишув билан таклиф қилинади

Владимир Путинни ноябр ойида Бразилияда бўлиб ўтадиган G20 саммитига таклиф қилиш фақат барча давлатлар розилиги билан мумкин бўлади, деди Франция президенти Эммануэл Макрон Бразилияга ташрифи чоғида.

Фото: Reuters

Владимир Путин шу йилнинг ноябрида Бразилияда бўлиб ўтадиган G20 саммитига барча иштирокчи давлатлар рози бўлган тақдирдагина таклиф қилиниши мумкин, деди Франция президенти Эммануэл Макрон 28 март, пайшанба куни Бразилияга ташрифи чоғида ушбу мамлакат президенти Луис Инасиу Лула да Силва билан қўшма матбуот анжуманида

Макроннинг сўзларига кўра, йигирмата саноати ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларни бирлаштиришдан мақсад «қолган 19 давлат билан консенсусга эришиш эди, бу Бразилия дипломатиясининг вазифаси бўлади». «Катта йигирматалик» «тинчлик ва умумий манфаатлар йўлида хизмат қилиш»га мажбур», - дея таъкидлади Франция давлат раҳбари. 

«Агар учрашув фойдали бўлиши мумкин бўлса, уни ўтказиш керак. Агар у фойдали бўлмаса ва келишмовчиликка олиб келадиган бўлса, уни ўтказмаслик керак», деди Макрон. У Путинни 2019 йил август ойида Францияда бўлиб ўтган G7 саммитига таклиф қилиш ғоясидан айнан «Еттилик гуруҳи»да ушбу масала бўйича консенсус йўқлиги сабабли воз кечганини, ўрнига Россия президенти билан алоҳида учрашув ташкил қилганини эслатди. 

Путин ва G20 учрашувлари 

2022 йил февралида Россиянинг Украинага кенг миқёсли ҳужуми бошланганидан бери, ҳар бир G20 саммити олдидан Владимир Путинни таклиф қилиш масаласи кўтариляпти. Натижада Путин 2022 йилда Индонезия ва 2023 йилда Ҳиндистонда ўтказилган саммитларда қатнашмади. 2023 йил август ойида Путин ЖАРдаги БРИКС саммитига ҳам келмади.

Бразилия президенти Лула да Силва 2023 йил сентябрида Путинни 2024 йилда Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтадиган G20 саммитига таклиф қилишини ва унинг ташрифи хавфсизлигини таъминлашини айтган эди. Бироқ ўша йилнинг декабрь ойида у G20 саммитида Путинга хавфсизлик кафолатларини беришга тайёр эмаслигини айтиб, бошқача баёнот билан чиқди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид