Умеров: Россия зарбаларининг 97 фоизи фуқаролик объектларига қаратилган
Йил бошидан бери Россиянинг Украинадаги нишонларга берган зарбаларининг умумий қуввати 9 килотоннадан ошди, деди Украина Мудофаа вазирлиги раҳбари Рустем Умеров НАТО-Украина кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида.
Россиянинг Украина ҳудудидаги нишонларга берган зарбалари 97 фоизи фуқаролик инфратузилмасига тўғри келди ва 2024 йил бошидан бери уларнинг умумий қуввати тўққиз килотоннадан ошди, деди Украина мудофаа вазири Рустем Умеров 28 март, пайшанба куни Украина томони ташаббуси билан ўтказилган НАТО-Украина кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида.
«Россиянинг ушбу ракеталари, учувчисиз учоқлари ва бошқариладиган бомбаларнинг атиги уч фоизи ҳарбий нишонларга келиб тегди», — деб ёзди Умеров Facebook саҳифасида. Унинг сўзларига кўра, сўнгги учрашувда асосий эътибор Россия қўшинларининг сўнгги пайтларда содир бўлаётган оммавий ҳаво ҳужумлари ва Украина ҳаво мудофаасини кучайтириш зарурлигига қаратилди. Умеров «Украина ҳаво мудофаасининг шошилинч эҳтиёжлари ҳақида батафсил маълумот берди».
Украина Мудофаа вазирлиги раҳбари БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси маълумотларини келтирди. Уларга кўра, «сўнгги уч ойда БМТ томонидан тасдиқланган 1804 тинч аҳоли орасидан қурбондан 712 нафари ракета ҳужумлари ва ўқ-дорилар сабаб ҳалок бўлган».
НАТО Украина мудофаасини кучайтиришга интилаётганини тасдиқлади
«Иттифоқчилар Россия ҳаво ҳужумларининг кучайишини кескин қоралади ва Украина мудофаасини янада кучайтиришга содиқлигини яна бир бор тасдиқлади», дейилади НАТО-Украина кенгаши сайтида шу куни чоп этилган баёнотда. Таъкидланишича, учрашув элчилар даражасида бўлиб ўтган, унда алянс бош котиби ўринбосари Мирча Жоанэ ҳам иштирок этган, Рустем Умеров видеоконференция орқали қатнашган.
Жоанэнинг сўзларига кўра, «Россиянинг Украина тинч аҳолисига ва муҳим инфратузилмага қарши давом этаётган ҳужумлари бизнинг доимий қўллаб-қувватлашимиз зарурлигини кўрсатади». Шунингдек, Франция Украинани доимий қўллаб-қувватлаши доирасида тез орада у ерга қўшимча Caesar гаубицаларини (уларнинг сони кўрсатилмаган) жўнатиши айтилди ва «бир қатор иттифоқчилар Чехия Республикасининг қўшимча 800 минг бирликда артиллерия снарядлари сотиб олиш ташаббусига қўшилган».
НАТО-Украина кенгаши алянснинг 2023 йил июлида бўлиб ўтган саммитида тузилган бўлиб, НАТО ва Украина ўртасида маслаҳатлашувлар, қарорлар қабул қилиш ва қўшма тадбирлар учун форум бўлиб хизмат қилади.
Мавзуга оид
01:17
Россияда ота-она қаровисиз қолган уч нафар бола Ўзбекистонга қайтарилди
23:30 / 26.11.2024
Кремл туғилиш кам бўлган ҳудудларнинг губернаторларини истеъфога чиқаришни бошлайди
21:56 / 26.11.2024
Россияда 174 минг нафар полициячи етишмаётгани маълум бўлди
20:12 / 22.11.2024