Жаҳон | 10:04 / 20.12.2025
1996
3 дақиқада ўқилади

Умеров: АҚШдаги учрашув якунланди, музокаралар давом этади

Украина делегацияси АҚШ ва ЕИ вакиллари билан Майамида ўтказилган учрашувни якунлади, деди Рустам Умеров. Кейин АҚШ–Россия музокаралари бўлиб ўтади.

Фото: DPA

Украина делегацияси — унга мамлакат Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши раҳбари Рустам Умеров бошчилик қилмоқда — Майамида АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти вакиллари билан олиб борилган музокараларни якунлади. Учрашув маҳаллий вақт билан жума куни, 19 декабр куни бўлиб ўтгани ва у тугагани ҳақида Умеров ўзининг Telegram каналида хабар қилди.

Умеров муҳокама тафсилотларини келтирмади, аммо учрашувда Киевнинг “европалик ҳамкорлари” ҳам иштирок этганини қайд этди. “АҚШда америкалик ва европалик ҳамкорлар билан учрашувни якунладик. Унинг натижалари бўйича Украина президентини хабардор қилдим. Америкалик ҳамкорларимиз билан кейинги қадамлар ва яқин вақт ичида қўшма ишни давом эттириш бўйича келишиб олдик”, — деб ёзди у.

АҚШга сафар олдидан Умеров Майамида томонлар 23 ноябр куни Женевада Украина ва АҚШ делегациялари учрашувида муҳокама қилинган ишланмаларни кўриб чиқишини таъкидлаган эди. Улар эса, ўз навбатида, “Трампнинг Украина бўйича режаси” деб аталувчи ҳужжат асосида тайёрланган.

20 ва 21 декабр кунлари Майамида Россия делегацияси келиши кутилмоқда — унга Россия президентининг махсус вакили Кирилл Дмитриев бошчилик қилади. У, шунингдек, АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф ва Трампнинг куёви Жаред Кушнер билан музокаралар ўтказади.

Уиткофф ва Кушнер 14–15 декабр кунлари Берлинда Украина делегацияси билан ҳам музокаралар олиб борган, унда Украина президенти Володимир Зеленский ҳам қатнашган эди. Ўша учрашувлар натижасида америкаликлар томони Украинага Россия бошлаган уруш якунланса, хавфсизлик кафолатлари берилишини ваъда қилган.

ОАВ маълумотларига кўра, Трамп режасидаги асосий келишмовчилик нуқталаридан бири — Россия томонидан ҳали эгалланмаган Донецк ва Луханск вилоятлари ҳудудларини амалда Россияга топширишни назарда тутувчи банд бўлган. AFP агентлиги қайд этишича, Берлиндаги учрашувда Москвада яхши қабул қилинадиган Кушнер ва Уиткофф ҳам айнан шу талабни илгари сурган.

Ҳужжат муҳокамаси фонида ҳудудларни топшириш талаби Кремл томонидан очиқ ва тез-тез янграй бошлади. Россия президенти Владимир Путин бу талабларни Киев уни бажармаса, Украина ҳудудларини куч билан эгаллаш таҳдидлари билан уйғунлаштирмоқда. 19 декабр куни ўтган ўзининг “тўғридан тўғри линия”сида Кремл раҳбари яна бир бор шу ҳудудий даъволарни тилга олди.

Украина эса, Володимир Зеленский бир неча кун аввал айтганидек, Донбассни на де-факто, на де-юре Россияники деб тан олмайди. Украина раҳбарининг сўзларига кўра, АҚШ бу масалада “муроса изламоқда”

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид