Жаҳон | 14:56 / 30.03.2024
4399
2 дақиқада ўқилади

Apple VisionOS ҳақида маълумотлар сизиб чиққани учун собиқ iOS-дастурчисини судга берди

У Signal мессенжерида журналистлар билан ёзишмалари скриншотларини ўзининг iPhone’ига сақлаб юрган.

Фото: AP

Apple компанияси собиқ ходими Эндрю Одни компания маҳсулотлари ҳақидаги махфий маълумотларни журналистлар ва бошқа ташкилотлар ходимларига ошкор қилгани учун судга берди, деб ёзади The Verge. 

У 2016 йилдан бери Apple’да iOS-дастурчиси сифатида хизмат қилган ва аккумуляторларни оптималлаштириш устида ишлаган. Однинг роли «ўнлаб маҳсулотлар» ҳақидаги махфий маълумотларга киришни ўз ичига олган, деди компания юристлари. 

Даъвода қайд этилишича, у бошқа нарсалар қаторида VisionOS ва «Кундалик» иловасининг ишланмаси ҳақидаги маълумотларни, шунингдек, компаниянинг мувофиқлик стратегияси, ходимлар сони ва компания бошқа маҳсулотлари хусусиятлари ҳақидаги маълумотларни ошкор қилган. 

Жумладан, Од иш материалларига кўра, WSJ ва The Information журналистлари билан Signal шифрланган хабар алмашиш иловаси орқали мулоқот қилган. Шу билан бирга, у ёзишмаларнинг скриншотларини ўзининг iPhone’ида сақлаган. 

Маълумотлар сизиб чиқиши 2023 йил охирида аниқланган. Ноябр ойида Apple вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда Од ҳодисага алоқадорлигини рад этди, сўнг «ҳожатхонага бориб келиши зарурлигини айтиб», у ерда телефонидан «далилларнинг муҳим қисмини» ва Signal иловасини ўчириб ташлади. 

12 декабр куни бўлиб ўтган иккинчи учрашувда у камида икки журналистга Apple мувофиқлик стратегиялари, эълон қилинмаган маҳсулотлари, ишлаб чиқиш сиёсати ва баъзи чиқарилган қурилмаларнинг хусусиятлари ҳақидаги маълумотларни сиздирганини тан олди. Уч кундан кейин уни ишдан бўшатишди. 

Даъво аризасида Apple ҳакамлар ҳайъати томонидан суд муҳокамаси ўтказишни, зарарни қоплашни, бонуслар ва акция опционларини мусодара этишни ҳамда Оддан компания ҳақидаги махфий маълумотларни ошкор қилмаслик ҳақида қарор чиқаришни талаб қилмоқда. 

Мавзуга оид