Ўзбекистон | 23:29 / 15.09.2025
4454
2 дақиқада ўқилади

Президент резавор боғлар тажрибасини кенгайтириш зарурлигини таъкидлади

Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани, Чимён маҳалласида барпо этилаётган агросаноат боғи билан танишди.

Таъкидланишича, Чимён маҳалласида 3 минг гектар майдонда малина, қорағат, қулупнай, ўрмон ёнғоғи каби меваларни етиштириш йўлга қўйилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 60 миллион доллардан ортиқ. Бу маблағ эвазига боғлар ташкил этилади, мевани қайта ишлаш корхоналари ҳамда катта сиғимли омборхоналар қурилади.

Қайд қилинишича, 50 гектар майдонда малина ва қулупнайнинг хорижий экспортбоп навлари экилган. Боғ тўлиқ томчилатиб суғорилади. Малинанинг ҳар гектаридан 400 миллион сўм, қулупнайдан эса 500 миллион сўмгача даромад олинади.

Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгандан сўнг, йилига 24 минг тоннага яқин маҳсулот етиштирилади. Унинг салмоқли қисми – ўрмон ёнғоғи ва резаворлар экспортга йўналтирилади, 12 мингдан зиёд киши ишли бўлади.

Давлат раҳбари лойиҳани қўллаб-қувватлаб, энди қайта ишлашни ривожлантириш кераклигини таъкидлади. Бунинг учун навни танлашдан тортиб, ишлов бериш, меваларни териш ва саралаш жараёнларигача замонавий ёндашув талаб этилади.

Президент бошқа адир ва яйловлар имкониятини ҳам ўрганиб, шундай сердаромад боғлар ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берди.

– Бу боғда ерга меҳр, сидқидилдан қилинган меҳнат кўриниб турибди. Натижаси, аввало, даромад, халқимизга манфаат. Бу жиҳатлари бошқа анъанавий экинларга нисбатан бир неча баробар юқори. Шунинг учун бундай маҳсулотлар етиштиришни кўпроқ одамларга ўргатиб, даромадини кўпайтириш керак, деди Шавкат Мирзиёев.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид