Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Истанбулдаги сайловларда Акром Имомўғли устун келди. Анқарада ҳам мухолифат вакили олдинда
Бутун мамлакат бўйлаб сайловларда ҳам Адолат ва тараққиёт партияси ютқазди. Бу Эрдўғаннинг 22 йил ичидаги илк мағлубияти бўлмоқда.
Истанбул шаҳри мэрлиги учун сайловларда беш йилдан буён шу лавозимни эгаллаб турган Акром Имомўғли ғолиб келмоқда. У мухолифатдаги Жумҳурият халқ партияси вакили ҳисобланади.
Овозларнинг 90 фоизидан ортиғи санаб чиқилганидан кейин Имомўғли 50,4 фоиз билан етакчилик қилмоқда, Адолат ва тараққиёт партияси номзоди Мурод Қурум — 40,9 фоиз билан иккинчи ўринда қолган.
Сайловда асосий эътибор Истанбулга қаратилди, президент Ражаб Тоййиб Эрдўған ва партия бу шаҳарда беш йил олдинги мағлубият учун мухолифатдан реванш олишни мақсад қилганди, шунингдек Анқара ва Анталия каби йирик шаҳарларни ҳам мухолифатдан қайтариб олишга умид қилинаётганди.
Аммо Анқара, Анталия ва Измирда ҳам мухолифат устун келмоқда.
«Олинган маълумотларга асосланиб айтишим мумкинки, фуқароларимизнинг бизга бўлган ишончи тақдирланди, — деди Имомўғли журналистларга партиянинг Истанбулдаги штаб-квартирасида. — Биз кўриб турган манзара жуда қувонтиради».
Марказий сайлов комиссияси раиси Аҳмад Йенер журналистларга овоз бериш жараёни бир неча ҳодисаларни истисно қилганда, жиддий муаммосиз ўтганини маълум қилган.
Сайловлар шиддатли инфляция ва турк лирасининг жиддий девалвацияси фонида ўтди ва номаълумлик кўплаб сайловчиларга таъсир қилди дея хабар берган Истанбул аҳолиси вакиллари билан суҳбатда бўлган AFP мухбири.
«Барча кундалик эҳтиёжлар тўғрисида қайғуради, — деган 43 ёшли Гулер Кайя. — Инқироз ўрта синфни ютиб юбормоқда, биз кундалик ҳаётимизни ўзгартиришимизга тўғри келди. Агар Эрдўған ғалаба қозонса, янада ёмонлашади».
«Яхши ҳаётни таъминлаш»
Ражаб Тоййиб Эрдўған Истанбулда туғилиб ўсган, 1994 йилда эса шаҳар мэри этиб сайланган. Унинг иттифоқчилари шаҳарни 2019 йилга қадар, Жумҳурият халқ партияси вакили Акром Имомўғлининг ғалабасигача ўз қўлида ушлаб турди.
Истанбулда ҳокимиятни сақлаб қолаётган Имомўғли энди 2028 йилда бўлиб ўтадиган навбатдаги президентлик сайловларида ҳукмрон партиянинг асосий рақиби бўлиши кутилмоқда.
Эрдўған ва унинг партияси Истанбул мэрлиги учун собиқ атроф-муҳит вазири Мурод Қурумни номзод сифатида кўрсатганди.
«Истанбул — бу юртимизнинг жавоҳири, хазинаси ва кўз қорачиғи», — деганди 70 ёшли президент сайлов арафасидаги митингда Имомўғлини «ярим ставкадаги мэр» деб атаган ҳолда.
«Бу сайловлар мамлакатимиз учун янги давр бошланиши бўлади», — деганди Эрдўған якшанба куни овоз беришга келганида.
Имомўғли рафиқаси ва икки ўғли билан Истанбулдаги участкада овоз берди, кейин эса тарафдорлари қаршисида чиқиш қилди.
«Бугун мен учун ҳиссиётли кун, — деди у ва „партиявийликсиз тенглик“ни таъминлашга ҳаракат қилганини қўшимча қилди. — Биз ёшлар, аёллар ва оналарга яхшироқ ҳаёт бериш учун қўлимиздан келганини қилмоқдамиз».
Кўп ўтмай у ўз ғалабасини эълон қилди.
«Олинган маълумотларга кўра, мен айтишим мумкинки, фуқароларимизнинг ишончи тақдирланди, — деди у партиянинг Истанбулдаги штаб-квартирасида журналистларга. — Биз кўриб турган манзара бизни жуда қувонтирмоқда».
Туркия фуқаролари якшанба куни 81 вилоятда мэрларни, шунингдек маҳаллий кенгашлар аъзолари ҳамда бошқа ҳудудий мулозимларни сайлашди.
Жумҳурият халқ партияси бутун мамлакат бўйича ҳам Эрдўған партиясидан устун келган – овозлар нисбати 37,43 фоизга 35,7 фоиз кўринишида.
Эрдўған сайлов якунлари бўйича чиқиш қилиб, мағлубиятини тан олди.

«Туркия халқи ўз фикрини билдирди. Бу сиёсий етакчиларга сигнал бўлди. Туркия демократияси ўзининг етук эканини яна бир бор исботлади. Бугунги сайловлар — биз учун интиҳо эмас, бурилиш нуқтаси бўлади.
Мен халқимиз сайлаган пойтахт ҳокимларини табриклайман. 14–28 майдаги ғалабамиздан 9 ой ўтиб, биз афсуски имтиҳондан ўта олмадик ва маҳаллий идораларга сайловларга ўзимиз умид қилган натижага эриша олмадик.
Бизга овоз берган бермаганидан қатъи назар, бундан ҳар бир сайловчи ютди. Мен ҳар бир сайловчига ташаккур билдираман», — деган Эрдўған.
Бу Эрдўғаннинг 22 йил ичидаги илк мағлубияти бўлмоқда. 1 апрелдан Туркия сиёсий тарихида янги сиёсий давр бошланади. 52 ёшли Имомўғли учун бу ғалаба 2028 йилги президентлик сайловларида номзодини қўйиш учун замин тайёрлади.
Мавзуга оид
10:45 / 13.06.2026
Арманистонда сайлов овозлари қайта саналди
09:00 / 08.06.2026
Арманистондаги сайловларда Пашинян партияси етакчилик қилмоқда
21:43 / 07.06.2026
Арманистонда парламент сайловларида овоз бериш якунланди
21:25 / 31.05.2026