Жаҳон | 22:57 / 03.04.2024
11590
8 дақиқада ўқилади

Жо Байден ва Си Жинпинг телефонда Тайван, технологиялар ва Россия ҳақида гаплашди 

2 апрел куни АҚШ президенти Жо Байден ва Хитой раҳбари Си Жинпинг узоқ вақтдан кейин биринчи марта телефон орқали суҳбатлашди. Мамлакатлар ўртасидаги кескинлик юқори даражада қолмоқда ва томонлар уни пасайтиришни хоҳлаяпти, бироқ, ҳар қандай йўл билан эмас. 

Фото: Getty Images

Оқ уй суҳбат якунлари бўйича ҳисобот эълон қилди, шундан келиб чиқадики, Байден Тайван, Яқин Шарқдаги можаро, Шимолий Кореянинг ядровий дастури, савдо сиёсати, TikTok ижтимоий тармоғи атрофидаги вазият, Украина можаросида Хитой томонидан Россиянинг қўллаб-қувватланиши ва бошқа бир қанча мавзуларни гапирган. Суҳбат аниқ натижаларни муҳокама қилишдан кўра кўпроқ «назорат тадбири» бўлгани таъкидланмоқда. Бу ҳақда BBC ёзди. 

Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Жон Кирби сўзларига кўра, етакчилар «очиқ ва конструктив» суҳбатлашган. 

Тайван 

Байден Хитойни баҳсли Жанубий Хитой денгизида Хитой ҳарбий-денгиз кучлари кемалари ва бошқа давлатларнинг кемалари ўртасидаги тўқнашувларни тўхтатиш ҳақида огоҳлантирди. Қўшма Штатлар Хитой армияси Тайван яқинида самолёт ва кемалардан провокацион мақсадларда фойдаланаётганини айтди. 

Байден Си Жинпингга Вашингтон Пекин ҳукуматини мамлакатнинг ягона қонуний ҳукумати сифатида тан оладиган «ягона Хитой сиёсати»га амал қилишини такрорлади. Суҳбатда Тайван мақоми ҳақида гапирилмаган. 

«Си Жинпинг Тайван масаласи Хитой ва Қўшма Штатлар ўртасидаги муносабатларда кесиб ўтмаслик керак бўлган биринчи қизил чизиқ эканини таъкидлади», дейилади Хитой ҳукумати томонидан чоп этилган суҳбат тафсилотида. 

Си АҚШни Тайван мустақиллигини қўллаб-қувватламаслик мажбуриятини намойиш қилиш учун «аниқ ҳаракатлар» қилишга чақирди. 

Хитой Тайван оролини ўзиники деб билади ва керак бўлса куч билан ўзига бўйсундиришга тайёр. Бу Хитойнинг ўнлаб йиллар давомида ўзгармаган позицияси. Бироқ, Байден бутун президентлиги давомида Хитой Тайванга ҳужум қилса, Қўшма Штатлар оролни ҳимоя қилишини бир неча бор таъкидлаган. Бу баёнотлар орол мустақиллигини расман тан олмаган, аммо қурол ва пул билан қўллаб-қувватлашда давом этаётган АҚШ анъанавий сиёсатига зиддир. 

Қўшма Штатлар 1979 йилда Хитой Халқ Республикаси билан алоқа ўрнатиш фойдасига Тайван билан расмий дипломатик муносабатларни узганидан сўнг, «Тайван билан муносабатлар тўғрисида»ги қонун деб аталадиган ҳужжат асосида оролни қурол-яроғ билан таъминлашда давом этмоқда. 

Сўнгги пайтларда АҚШ ва Тайван ҳарбийлари ўртасидаги ҳамкорлик чуқурлашди ва ўтган йилнинг кузида Байден Тайпейнинг биринчи қурол грантини, гарчи камтарона 80 миллион долларга бўлса ҳам, Хорижий Ҳарбий молиялаштириш (FMF) дастури доирасида маъқуллади. 

Россиянинг Украинага кенг миқёсли бостириб кириши бошланганидан бери ушбу дастур Киевга 4 миллиард долларга яқин ҳарбий ёрдам берган. 

Технологиялар 

Суҳбат чоғида Си, шунингдек, Қўшма Штатлар томонидан Хитой иқтисодиёти, илм-фан ва технологиясини бостиришга қаратилган «чексиз чора-тадбирлар оқимини» танқид қилди, демоқда Хитой расмийлари. Аввалроқ Қўшма Штатлар Хитойга илғор яримўтказгичлар экспортига чекловлар қўйган эди. 

Байден Си Жинпингга унинг ҳукумати «савдо ва инвестицияларни чекламасдан, илғор Америка технологияларидан миллий хавфсизликка путур етказишда фойдаланилишининг олдини олиш учун зарур чораларни кўришда давом этишини» айтди. 

Хитой матбуотига кўра, Си Жинпинг бунга жавобан: «Агар АҚШ Хитойнинг юқори технологияли ривожланишини бостириш ва уни ривожланиш учун қонуний ҳуқуқидан маҳрум этишни истаса, биз жим ўтирмаймиз», деган. 

TikTok 

Кирби сўзларига кўра, етакчилар Қўшма Штатларда TikTok платформасининг эҳтимолий тақиқланиши билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилган ва Байден бу масала бўйича ўз хавотирларини яна бир бор такрорлаган. 

Март ойида Конгресс Вакиллар палатаси иловага эгалик қилувчи Хитой компаниясини уни сотишга мажбурлаш учун овоз берди – акс ҳолда TikTok ижтимоий тармоғи бутун Қўшма Штатларда тақиқланиши мумкин. 

Қонун лойиҳаси ҳозир Сенатда. Байден сўзларига кўра, Сенат қонунни қабул қилса, ўзи уни имзолайди. 

«Байден бу иловани тақиқлаш ҳақида эмас, балки Америка халқининг миллий хавфсизлик манфаатлари ва маълумотлар хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун унинг сотилишидан манфаатдор экани ҳақида тушунтирди», деди Жон Кирби. 

Россия ва бошқа мамлакатларнинг қўллаб-қувватланиши 

Байден Си Жинпингга Хитой Россияга ҳарбий саноат базасини қайта қуриш ва кенгайтиришда ёрдам беришда давом этмаслиги кераклигини айтди, демоқда АҚШ расмийлари. Оғир иқтисодий санкцияларга қарамай, Россия қуролларни ишлаб чиқаришни кўпайтиришда давом этмоқда, шунингдек, Эрон ва Шимолий Кореядан ёрдам олмоқда. 

Хитой Ғарб санкциялари остида қуриб қолган савдо оқимларининг бир қисмини тўлдириб, Россияга қурол ишлаб чиқариш салоҳиятини қайта тиклашга имкон берди, деди АҚШ расмийси. 

Байден, шунингдек, Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган Яман ҳусийларининг Қизил денгиздаги тижорат кемаларига ҳужумларини тўхтатишда Сидан ёрдам сўраган. 

Байден маъмурияти Хитойдан Теҳронга ҳусийларни жиловлаш учун босим ўтказишини хоҳлайди, айниқса Хитой кемалари ҳам Қизил денгиз орқали сузиб ўтаётган шароитда. 

Муносабатларнинг яхшиланиб бораётгани ҳақида гапириш мумкинми? 

Қарама-қаршиликларга қарамай, Оқ уй ва Хитой давлат оммавий ахборот воситалари суҳбатни «очиқ ва конструктив» деб таърифлади. 

Уилсон марказидаги Киссинжер институтининг Хитой-АҚШ ишлари бўйича директори Роберт Дейли сўзларига кўра, «Суҳбат асосан дунёнинг қолган қисмига мамлакатлар аслида яхши муносабатларни сақлаб қолишга ҳаракат қилаётганини кўрсатишга уриниш эди, гарчи бу муносабатларда салбий динамика ўзгармаган бўлса-да». 

Пекин ва Вашингтоннинг суҳбатга доир ҳисоботлари ҳамкорликка қаратилганига қарамай, бу икки қудратли давлат ўртасидаги илиқликдан дарак эмас, дейди эксперт. 

«Иккала раҳбар ҳам узоқ муддатда жуда баҳсли бўлиши мумкин бўлган нарсаларни масъулият билан бошқаришни намойиш этишдан манфаатдор», деди Дейли. «Аммо ҳеч бир раҳбар муносабатларнинг моҳиятини ўзгартирмоқчи эмас». 

Байден ва Си Жинпинг суҳбати АҚШ молия вазири Жанет Йелленнинг Хитойга сафаридан бир неча кун олдин бўлиб ўтди, Давлат котиби Энтони Блинкен ҳам тез орада Хитойга боради. Бу АҚШ ҳукумати аъзоларининг жорий йилда Хитойга илк ташрифи бўлади. 

Ўтган йили Йеллен ҳам, Блинкен ҳам АҚШ ҳудудига кириб қолган Хитой ҳаво шари билан боғлиқ жанжал оқибатларини бартараф этиш учун Пекинга борган эди. 

2022 йил ноябр ойида Байден ва Си Индонезиянинг Бали оролида учрашди ва бир йилдан сўнг улар Сан-Франциско яқинидаги Вудсайд мулкида шахсий саммит ўтказди ва икки давлат ҳарбийлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқа каналларини тиклашга келишиб олди. Бу алоқа хитойликлар томонидан 2022 йилда Вакиллар палатаси спикери Тайванга ташриф буюрганидан кейин узилган эди.

Мавзуга оид