Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украинада УҚКда хизмат қилиш учун «чекланган даражада яроқли» мақоми бекор қилинди
Ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий таъминотга бўлган ҳуқуқи тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, илгари «чекланган даражада яроқли» деб тан олинган украиналиклар иккинчи тиббий кўрикдан ўтиши керак.
2 апрел, сешанба куни Украина президенти Володимир Зеленский ҳарбий хизматчилар ва полициячиларнинг ижтимоий ҳимояга бўлган ҳуқуқини таъминлаш тўғрисидаги қонунларга ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини имзолади. Олий раданинг «Голос» фракцияси депутати Ярослав Железнякнинг Telegram’да маълум қилишича, ушбу ўзгаришлардан бири ҳарбий хизматга «чекланган даражада яроқли» деб топилган эркаклар 9 ой ичида иккинчи марта тиббий кўрикдан ўтиши керак, чунки ҳарбий хизмат учун чекланган даража бўйича мақом бекор қилинди.
Украинанинг «Фокус» интернет-нашри таъкидлашича, қонунда ҳарбий хизматни тўлиқ бажаришга «қобилиятли ёки қобилиятсиз» бўлган қоида сақланиб қолмоқда. Бу масала бўйича қарор ҳарбий-тиббий комиссия томонидан қабул қилинади.
Бундан ташқари, тузатишлар «раҳбарият маркази» Россияда жойлашган диний ташкилотлар вакилларига ҳарбий руҳоний бўлишни тақиқлайди. Бу, биринчи навбатда, Украина православ черковининг руҳонийларига таъсир қилади.
Сафарбарлик учун ёш чегараси 25 ёшгача пасайтирилди
Шу куни Зеленский «Ҳарбий мажбурият тўғрисида»ги қонунга 25 ва 26 ёшдаги эркакларни сафарбарлик чоғида муддатли ҳарбий хизматга чақириш имконини берувчи ўзгартиришлар киритувчи қонун лойиҳасини имзолади. Шу пайтгача Украинада 27 ёшдан 60 ёшгача бўлган эркаклар учун мажбурий сафарбарлик амал қилган.
Украина Олий радаси 2023 йил май ойида сафарбар қилинганда ҳарбий хизматга чақирилишда ёш чегарасини қисқартиришни назарда тутувчи тузатишларни қабул қилди. Ўша йилнинг 5 июнида ушбу қонун лойиҳаси имзолаш учун Зеленскийга юборилган, аммо президент уни фақат энди имзолади.
Қонун лойиҳасини тайёрлашда Украина Мудофаа вазирлиги уни сафарбарлик захирасини тўлдириш зарурати билан асослади.
УҚКда куч етишмаслиги
«РБК Украина»нинг эслатишича, Зеленский 2023 йил декабр ойида ҳарбийлардан жиддий далиллар олган тақдирдагина ҳарбий хизмат учун ёш чегарасини 25 ёшга туширишга тайёрлигини айтган эди.
Россия ҚКнинг сўнгги ҳарбий муваффақиятлари фонида охирги ҳафталарда бир қатор экспертлар Украина армиясида нафақат ғарб қуроллари, балки, биринчи навбатда, одамлар кучи етишмаслигига эътибор қаратди.