Жаҳон | 21:30
2421
10 дақиқада ўқилади

Украина Азов денгизида Россиянинг 20 дан ортиқ кемасига зарба берди. Бу ҳақда нималар маълум?

Украина армияси аннексия қилинган Қрим ҳудудида Россия логистикасига ҳужумларни кучайтирмоқда. Қуруқлик йўлаклари ортидан яриморолга денгиз орқали таъминот етказиб бериш йўллари ҳам зарба остида қолмоқда.

Social media/Мадяр

Украина армиясининг Пилотсиз тизимлар кучлари қўмондони Роберт Бровди («Мадяр» чақирув белгисига эга) маълум қилишича, ўтган тўрт кун мобайнида Азов денгизи акваториясида камида 25 та кемага ҳужум қилинган ва ёқиб юборилган, шундан кўпчилиги – Россиянинг ёқилғи ташувчи танкерларидир.

Бу маълумот ҳозирча расман тасдиқланмади, аммо дастлабки маълумотлар унинг ишончлилигини кўрсатмоқда, рўй берган ҳодиса кўлами эса ҳайратланарли даражада.

Россия ва совет қўшинлари флоти Иккинчи жаҳон уруши бошидан буён қисқа муддат ичида бу қадар катта йўқотишга учрамаганди.

Танкерлар, юк кемалари, паромлар

Сешанба куни тонгида «Мадяр» ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида FPV-дронлар орқали кемаларга ҳаводан ҳужум қилиниши акс этган видеоёзувни эълон қилди, катта эҳтимол билан, бу кемалар Қрим яриморолига ёқилғи олиб кетаётган кемалар бўлган.

Ушбу ҳужумлар куннинг қоронғи вақтида амалга оширилган. Кадрларга қараганда, 7 июлга ўтар кечаси ўнта кема дронлар ҳужумига учраган, ҳар бир кемага такрорий зарбалар берилган. Камида бир нечта танкерда зарбадан кейин ёнғин келиб чиққан.

«Мадяр»нинг баёноти ортидан Украинадаги Exilenova+ портали яқин масофадан олинган ва ҳужум оқибатлари кўрсатилган кадрларни намойиш этди – унда кемалар ёниб кетганини кўриш мумкин.

«Мадяр» ҳужумга учраган кемалардан саккизтаси Россиянинг сиғими 7 минг тонна атрофидаги танкерлари эканини маълум қилган – булар «Венера-3», «Санар-1», «Санар-17», «Климена», «Тэти», «Алексей Саврасов», «Пенелопа». Саккизинчи кеманинг номи аниқлаштирилмаган.

Зарба берилган яна икки нишон – юк кемаси ҳамда Керч портида турган SKS One паромидир. Юк кемаси номи келтирилмаган.

marinetraffic.com сайти маълумотига кўра, SKS One йўловчи пароми Камерун байроғи остида ҳаракатланган. Илгари у Палау республикасига тегишли бўлган, аммо 2020 йилда Қрим ҳудудидаги ёпиқ портларга киргани учун Палау ҳукумати уни ўз байроғидан маҳрум қилганди.

Керч портида турган SKS One йўловчи пароми

Сешанба куни кечқурун «Мадяр» саккизинчи танкер номига ҳам аниқлик киритди – унинг маълумотига кўра, бу MS IVAN CHEREMISINOV (Иван Черемисинов). Лекин Россиядаги манбаларга кўра, «Иван Черемисинов» – танкер эмас, балки саёз жойларда сув тубини чуқурлаштириш ва бошқа кемаларга йўл очиш учун қўлланадиган земснаряд кема ҳисобланади. Бундай кема эса танкерга қараганда қадрлироқдир.

Пилотсиз тизимлар кучлари қўмондони кечки баёнотида Азов денгизида Россиянинг яна иккита танкерига зарба берилганини маълум қилган, шу тариқа, бир куннинг ўзида ҳужумга учраган кемалар сони 12 тага етган.

Ундан аввалроқ Роберт Бровди 15781 лойиҳасидаги иккита танкерга зарба берилганини айтганди, ундаги маълумотларга кўра, бу кемалар яширин флотга тегишли бўлиб, «Таганрог ҳудудидан Азов денгизи орқали Қримга 7 минг тоннадан ёқилғи етказиб берган».

Украин дрони нишонга яқинлашиш вақтида олган кадр

Ва бу билан иш тўхтамади

Чоршанба куни тонгда «Мадяр» Украина қуролли кучлари Пилотсиз тизимлар кучлари Россиянинг яна тўққизта танкерига муваффақиятли ҳужум қилганини айтиб, янги видеоёзувни тарқатди. Навбатдаги ҳужумда ҳам картина тахминан олдингиси каби бўлган – дронлар нишонга яқинлашиб, кема қуйруғида жойлашган рул рубкасига ҳужум қилади. Ҳар бир зарба ва ҳужум қилинган ҳар бир танкер алоҳида қайд этилган.

Россия ҳукумати украин дронларининг танкерлар, юк кемалари ва паромларга қилинаётган ҳужумлар юзасидан расмий изоҳ бермаяпти. Фақат Ростов области губернатори Юрий Слюсар чоршанба куни Таганрог кўрфазида дронлар ҳужуми туфайли иккита танкер шикастлангани тўғрисида хабар берган. Унинг маълумотига кўра, танкерлар бўш бўлган ва Ростов-Донга қараб сузаётган бўлган. Регион раҳбарининг телеграмдаги саҳифасида ёзилишича, икки киши жароҳатланган, кемалардан бирининг экипажини эвакуация қилишга тўғри келган.

Ҳозирча Украина қуролли кучларининг Россия кемаларига муваффақиятли ҳужумлари мустақил манбалар томонидан ҳам тасдиқланмади. Аммо ҳозиргача Роберт Бровди томонидан Россия объектларига ҳужумлар ҳақида эълон қилинган видеоёзувлардан бирортаси сохта деб топилмаган.

Реал вақт режимида ёнғинлар тўғрисидаги маълумотларни хариталаш билан шуғулланувчи НАСА онлайн-платформасига кўра, Азов денгизининг Керч бўғозига яқин қисмида кучли иссиқлик аномалияси кузатилган: тахминан бир нуқтада кўплаб ёнғин ўчоқлари қайд этилган.

Пайшанбага ўтар кечаси йўлланган янги зарбалар

9 июлга ўтар кечаси украин дронлари Азов денгизида яна 14 кемага ҳужум қилган – 12 танкер, битта юк кемаси ва битта шатакка олувчи кема, деган Роберт Бровди. Улардан камида учтасига такрорий зарбалар берилган.

«Мадяр» зарбага учраган кемалардан тўққизтасини номма-ном санаган: булар Россиянинг «Челси-6», «Аура», «Иля Репин», «Меркурий», «Санар-1», «Венера-3» ва «Пенелопа» танкерлари (охирги учтасига олдинги икки тунда ҳам ҳужум қилинганди), «Алфео» буксири ҳамда «Галиаскар Камал» танкери (Панама байроғи остида сузувчи кема санкция остида бўлган).

Ҳужум қилинган кемалардан яна бештасининг номларига аниқлик киритилмаган.

«Мадяр» аниқлик киритиб, биринчи тунда ҳужум қилинган танкерлардан иккитаси – «Санар-17» ва «Климен»га ҳам такрорий зарбалар берилганини маълум қилди.

Украина қуролли кучлари бош штаби ҳам пайшанба куни Азов денгизида Россиянинг 14 кемаси – 12 та танкер, буксирчи кема ва юк кемасига ҳужум қилингани ҳақида маълумот берди. Украин ҳарбийлари баёнотида айтилишича, бу кемалардан Россия армиясига ёқилғи маҳсулотлари етказиб беришда, шунингдек, халқаро санкцияларни четлаб ўтган ҳолда нефт ва нефт маҳсулотлари ташишда фойдаланилган.

Шу тариқа, агар такрорий зарбалар ва ҳозирча номлари аниқланмаган бешта кемани ҳисобга олмаганда, Роберт Бровди маълумотларига кўра, Азов денгизида 6 июлдан 9 июлгача бўлган даврда камида 25 та кемага ҳужум қилинган, уларнинг аксарияти Россияга тегишли.

Z-блогерлар реакцияси

Россиялик ҳарбий блогерларда «Мадяр»нинг даъволари ва у эълон қилган видеоёзувлар ҳақиқийлигига шубҳа уйғонмаган.

«Ушбу танкерлар ҳаракатланиши ўзига хос тарзда ташкил этилган – денгиз ўртасидаги ҳимоясиз кемаларнинг зич массаси украин дрон операторлари учун тир вазифасини ўтайди – дея ёзган „Ҳарбий ахборотчи“ телеграм-канали. – Танкерлар анчадан буён ўзини ҳам ҳимоя қила олмаётган Қора денгиз флоти кемалари билан ҳимояланмаган, кемаларнинг ўзида ҳам ўт очиш гуруҳлари йўқ. Илгари танкларимиз дронлар остида колонна бўлиб ҳаракатланган бўлса, энди дронлар остида тизилган ҳолда сузяпмиз».

«Албатта, нима учун атрофда Қора денгиз флоти кемалари йўқ, деб сўраш мумкин. Фақат ҳозирги кўринишда улар баҳорда худди шу дронлар зарбасига учраган чегара хизмати кемалари тақдирини такрорлаган бўларди», – дея унга жавоб қайтаради «Rybar» телеграм-канали муаллифи Михаил Звинчук.

У Қора денгиз флоти «энди Новороссийскда қамалиб қолгани»ни эслатди ва шундай савол қўйди: «Нима, уч йил ичида кемаларнинг ҳеч бўлмаганда бир қисмини пулемётлар, зенит-ракета тизимлари ҳамда паст учадиган ва нисбатан секин ҳаракатланадиган нишонларни аниқлаш ва уриб тушириш мумкин бўлган бошқа воситалар билан жиҳозлаш мумкин эмасмиди?»

Украинанинг Россия денгиз логистикасига ҳужумлари – нефтни қайта ишлаш ҳажми қисқариши ва ёқилғи тақчиллиги юзага келган шароитда, айниқса, аннексия қилинган Қрим оғир вазиятда қолганида, мантиқли ва таъсирчан зарбадир.

Пилотсиз тизимлар кучлари ва Украина қуролли кучларининг бошқа бўлинмалари баҳордаёқ яриморолга олиб келувчи қуруқлик йўлларини ўт очиш назорати остига олганди ва денгиз йўлларини ҳам кесиб қўйиш учун техник имкониятларга эга.

Июн ойи охирида Владимир Путин Қримнинг ёқилғига бўлган ойлик эҳтиёжини 70 минг тоннага баҳолаган ва яриморолга қуруқлик орқали ҳам, денгиз орқали ҳам етказиб бериш ҳажмини кўпайтиришни ва бу эҳтиёжни қондиришни ваъда қилганди.

Азов денгизида Украина қуролли кучлари томонидан ҳужумга учраган Россия танкерлари эса бундан икки баравар кўпроқ ҳажмдаги ёқилғини ташиш имкониятига эга эди.

Агар Роберт Бровдининг маълумотлари рост бўлиб чиқса, Россия флоти кўрган бир марталик йўқотишлар кўлами жуда улкан бўлиб кўринади.

Денгизда бундан ҳам фожиали воқеалар рўй берган, ҳарбий ҳаракатлар пайтида ҳам, машғулотлар пайтида ҳам бундан-да каттароқ зарар кўрилган ҳодисалар учрайди, аммо тўрт кун ичида 25 та йирик тоннажли кема – замонавий Россия тарихида ҳали бунақаси бўлмаганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид