11:57 / 04.04.2024
4247

Энди фарзандни чет элга олиб чиқишда розилик хатини олиш учун нотариусга бориш шарт бўлмайди

Фуқаролар онлайн равишда E-notarius.uz ахборот порталидаги катакларни тўлдириб, сўнг нотариус билан видео-конференц-алоқа орқали жараённи расмийлаштиришлари мумкин бўлади.

Фото: Getty Images

Эндиликда фарзандни чет элга олиб чиқиш учун нотариал тасдиқланган розилик беришни нотариал идорага бормасдан дунёнинг исталган жойидан онлайн расмийлаштириш мумкин. Бу ҳақда Kun.uz’га Адлия вазирлиги матбуот котиби Севара Ўринбоева хабар берди.

Бу учун қуйидаги ҳаракатлар амалга оширилади:

  • розилик берувчи E-notarius.uz ахборот порталида “Нотариал ҳаракатни расмийлаштириш”ни танлайди;
  • авторизация ойнасига ID карта маълумотларини киритади;
  • видео-конференц-алоқа орқали расмийлаштириш тилини ўзбек тилида танлаб, телефон рақамини киритади ва Яратиш тугмасини босади;
  • “хорижга чиқаётган фарзанд”ни белгилаб, “Кейинги” тугмасини босади;
  • фарзанд қайси давлатдан қайси давлатга кетаётгани белгиланади;
  • “Мақсади” деган катакка “Саёҳат” деб белгилаб чиқиш ва қайтиш муддатлари киритилади ва “Кейинги” тугмаси босилади;
  • фарзандга ҳамроҳлик қилувчи шахснинг маълумотлари киритилиб, тасдиқланади;
  • тизим автоматик равишда танлаган нотариус нотариал ҳаракатни расмийлаштиришга қабул қилиб, вақтни белгилайди ва тарафларнинг мобил телефонига СМС хабарнома юборилади;
  • белгиланган вақтда нотариус тарафлар иштирокида видео-конференц-алоқа орқали нотариал ҳаракатни расмийлаштиради;

“Фуқаролар ушбу нотариал ҳаракатни уйидан ёки иш жойидан чиқмаган ҳолда компьютер ёки мобил телефони орқали 15 минутда расмийлаштириши мумкин”, дейилади хабарда.

Top