Ҳарбий вазирнинг асал ойи сабаб атом бомбасидан омон қолган шаҳар – Киото ҳақида
1945 йилда АҚШ ҳукумати Япониянинг қайси шаҳарлари устига атом бомба ташлашни муҳокама қиларди. Рўйхатда Киото шаҳри ҳам бўлган. Аммо ҳарбий вазир Ҳенри Люис Стимсон Киотони рўйхатдан чиқариб ташлашга уринади ва бунга эришади. Чунки у бир пайтлар ўзининг асал ойини шу шаҳарда ўтказган эди – ширин хотиралари Киото билан боғлиқ эди.
Kun.uz ижодий жамоаси Японияга сафари давомида Киотода ҳам бўлди ва шаҳар бўйлаб сайр қилди.
Киото – сайёҳлар энг кўп борадиган, тарихий ва чиройли шаҳарлардан бири. Аҳолиси – 1,5 миллион киши атрофида. Киото 794 йилдан 1869 йилгача Япония пойтахти бўлган.
Қадимда бу ерлар ботқоқликлардан иборат бўлгани ва табиий ресурслари кам бўлгани учун одам кам яшаган. Фақат VII асрга келиб Хитой зодагонларидан бири бу ерга келиб, ўз қароргоҳини қурган, ирригация ишларини олиб борган, ипакчилик ва тўқимачиликни йўлга қўйган.
VIII асрга келиб император Камму Япония пойтахтини Нара шаҳридан кўчиришни истаб қолади. Баъзи уринишлардан сўнг у пойтахтни айнан мана шу ерда қуради. Аввалига шаҳар Хэйан деб номланди, кейин эса – Киото номини олади.
Тўғри тўртбурчак шаклида қурилган шаҳарда шимолдан жанубга 10 та кўча, ғарбдан шарққа қараб 11 та кўча қурилган. Шимолий томонда император қароргоҳи жойлашган. Шаҳарнинг бир қисмида бой зодагонлар, иккинчи қисмида эса камбағаллар ва ҳунармандлар яшашган.
Шаҳарга мамлакатнинг деярли барча чеккаларидан ўқимишли кишилар келиб жойлаша бошлаган ва айнан улар шаҳарда юқори маданиятни шакллантирган, адабиёт дурдоналари яратилган.
Шаҳар бир неча бор ёниб кетган ва қайтадан қурилган, шу сабабли қадимий уйлар сақланиб қолмаган.
Кўп нотинч даврларни бошидан кечирган, қўлдан қўлга ўтган ва бир неча бор бузилган Киото ниҳоят XVI асрда йирик ҳарбий қўмондон Ода Нобунага қўлига ўтганидан кейин яна тикланади. Шаҳар яна гуллаб-яшнай бошлайди.
Киотонинг нуфузи бир ортиб, бир тушгани билан у пойтахт мақомини сақлаб тураверган.
XVII–XIX асрларда Киото мамлакатнинг энг бой шаҳарларидан бири бўлиб туради. Бу даврда Киотога хос анъанавий ҳунармандчилик шаклланади, масалан, шаҳарнинг Насидзин деган жойида ипакчилик ривожланган, чинни, лакланган идишлар, бўялган пахта тайёрланган. Шаҳар аҳолиси бу пайтда 400 минг кишини ташкил этган.
1868 йилда Мэйдзи ислоҳотлари доирасида янги император пойтахтни Киотодан Эдо шаҳрига ўтказишга қарор қилади ва Эдо Токио номини олади. Император ўша ерга кўчиб ўтади ва Киото ўзининг минг йиллик пойтахт мақомидан айрилади.
Иккинчи жаҳон уруши пайтида америкаликлар Япония ҳудудини атом бомбалари билан бомбалашга қарор қилишди ва яксон қилинадиган шаҳарлар қаторига Киотони ҳам киритишади.
Бу қарорга АҚШ ҳарбий вазири Ҳенри Стимсон қарши чиқади, чунки у бир пайтлар ўзининг асал ойини шу шаҳарда ўтказган эди. У «Киото японларнинг қадимий пойтахти, колоссал маданий ва диний аҳамиятга эгалиги», бу қадимий шаҳарни яксон этиш АҚШ обрўсига путур етказишини айтади. У дастлаб қаршиликка учрайди, аммо масалани ўша вақтдаги президент Ҳарри Труменга олиб чиқади ҳамда уни кўндиради – Киото бомбаланмайдиган бўлади.
Бугунги кунга келиб Киото Япониянинг энг оммабоп туристик шаҳарларидан бирига айланган.
Шокир Шарипов
Мавзуга оид
21:47 / 17.11.2024
Япония қирғоқларида 6,2 магнитудали зилзила содир бўлди
18:48 / 14.11.2024
Subaru космик телескопи ноёб ҳалқасимон галактикани аниқлади
21:18 / 13.11.2024
Японияда сейсмик ёриқлар туфайли ядровий реакторни қайта ишга туширишга рухсат берилмади
19:55 / 11.11.2024