Ўзбекистон | 19:10 / 05.04.2024
4347
1 дақиқада ўқилади

Тўқаев қозоқ-ўзбек тандеми ҳаётий зарурат эканини таъкидлади

Бу ҳақда Қозоғистон раҳбари Ўзбекистонга норасмий ташрифи чоғида, президент Шавкат Мирзиёев билан учрашувда айтиб ўтди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев қозоқ-ўзбек тандеми ҳаётий зарурат эканини, фақат биргаликда ва ошкора тарзда мамлакатларнинг барқарор ривожланишини таъминлаш мумкинлигини таъкидлади.

Бу ҳақда давлат раҳбари Ўзбекистонга ташрифи чоғида, президент Шавкат Мирзиёев билан учрашувда айтиб ўтди. Унинг сўзларини Оқўрда келтирди.

Қайд қилинишича, Тўқаев Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида 2034 йилгача бўлган стратегик шериклик ва иттифоқчилик дастури қабул қилинишини қўллаб-қувватлади.

Таъкидланишича, учрашув чоғида икки давлат раҳбарлари иқтисодий ҳамкорликнинг кенг кўламли масалалари, жумладан, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, энергетика, транспорт, сув хўжалиги, IT-саноат соҳаларида ҳамкорлик қилиш юзасидан фикр алмашди.

Суҳбат чоғида маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг ноёб сайёҳлик салоҳиятини очиб беришга алоҳида эътибор қаратилди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Шавкат Мирзиёев минтақавий масалалар бўйича кун тартибини кўриб чиқди ва халқаро тузилмалардаги ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид