Жаҳон | 07:59 / 06.04.2024
7052
4 дақиқада ўқилади

ОАВ: Россияда бир кечада камида 11 та самолётга дронлар томонидан зарар етказилди

5 апрелга ўтар кечаси Россия аэродромларида камида учта Ту-95МС ва иккита Су-25 шикастланган бўлиши мумкин, деб ёзади Украина ОАВ.

Фото: Picture Alliance

РФдаги ҳарбий аэродромларга 5 апрел, жумага ўтар кечаси содир бўлган энг йирик дрон ҳужумларидан бири чоғида камида 11 та Россия самолёти зарар кўрди. Бу ҳақда Украина Бош разведка бошқармаси ва Хавфсизлик хизматидаги манбаларга таяниб, қатор Украина ОАВ хабар бермоқда.

«РБК-Украина» хабарига кўра, «ГУР» тунда РФнинг учта аэродромига ҳужум қилган – Саратов вилоятидаги Энгелс яқинида, Ейск (Краснодар ўлкаси) ва Курск вилоятидаги аэродромга. «Энгелс-2» аэродромида, эҳтимол, учта Ту-95МС стратегик бомбардимончи самолёти жиддий зарар кўрган ва ҳужум натижасида 7 нафар россиялик ҳарбий ҳам ҳалок бўлган, деди нашрга департаментдаги манба. Ейскда, «ГУР»нинг дастлабки маълумотларига кўра, иккита Су-25 ҳужумкор самолёти бутунлай йўқ қилинган ва тўрт нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган. Курск яқинидаги аэродромга қилинган ҳужум натижалари ҳақида хабар берилмаган.

Худди шу тунда РФда дронлар Ростов вилоятининг Морозовск шаҳридаги аэродромга ҳужум қилди. ОАВ хабарига кўра, ҳужум «СБУ» томонидан амалга оширилган. Департаментдаги манбанинг «Украинска правда»га маълум қилишича, натижада камида олтита самолёт йўқ қилинган. Hromadske нашри аввалроқ ушбу аэродромда Су-24, Су-24М ва Су-34 бомбардимончи самолётлари жойлашганини ёзган эди.

Украина энг йирик дронлар ҳужумларидан бирини амалга оширди 

РФ Мудофаа вазирлиги самолётларга зарар етказилгани фактини тасдиқламади ва тунги дронлар ҳужуми тафсилотларини маълум қилмади. Департамент фақатгина 5 апрелга ўтар кечаси РФ ҳудуди узра 53 та дрон - Ростов областида 44 та, Краснодар ўлкасида олтита, Саратов, Курск ва Белгородда биттадан учувчисиз учоқ уриб туширилганини маълум қилди. Россия Мудофаа вазирлиги бу ҳужумларнинг барчасини «бостирилган» деб таърифлади. 

Бундай расмий маълумотларга қарамай, 5 апрелга ўтар кечаси дронлар ҳужумини РФнинг Украинага кенг кўламли ҳужуми бошланганидан бери Украинанинг Россиядаги ҳарбий нишонларга қилган энг йирик ҳужумларидан бири деб аташ мумкин. Бундан ташқари, фақат март ойида РФга шу миқёсдаги камида иккита ҳужум содир бўлди. ОАВ хабарларига кўра, улардан бирининг нишони Ростов вилоятидаги Таганрогдаги авиация заводи бўлиб, у ерда бошқа нарсалар қатори, 2023 йилда Беларус аэродромида шикастланган А-50 ра радиолокацион дар разведка самолёти таъмирланмоқда. Яна бир шундай ҳужум пайтида учувчисиз учоқларнинг аксарияти Воронеж вилоятида уриб туширилган. 

РФ 50 мингдан ортиқ аскарини йўқотди 

5 апрел ҳолатига кўра, РФнинг Украинага қарши урушида камида 50 016 нафар россиялик ҳарбий ҳалок бўлган, деб хабар берди «Медиазона» ва BBC рус хизмати. Нашрлар урушда ҳалок бўлганларни очиқ манбалар асосида ва кўнгиллилар жамоаси кўмагида санаб чиқяпти. 

ОАВ маълумотларига кўра, ҳалок бўлганларнинг қарийб 18 фоизи маҳбуслар, 13 фоизи Россия расмийлари «кўнгиллилар» деб атайдиганлар, яна 12 фоизи сафарбар қилинганлар. Шу тариқа, BBC’нинг таъкидлашича, ҳалок бўлганларнинг камида 43 фоизи Россиянинг Украинага ҳужуми пайтида армия билан алоқаси бўлмаган. Аммо уларнинг ҳақиқий сони урушда қатнашаётган Россия кучлари умумий сони учдан икки қисмидан кўпроқни ташкил қилиши мумкин. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид