Қарийб 200 минг киши яшайдиган ва Оренбург областидаги иккинчи йирик шаҳар ҳисобланган Орскни Урал дарёсидан тошиб чиққан сув босиши давом этмоқда, расмийлар маълум қилишича, дарёдаги сув сатҳи метеокузатувлар тарихидаги энг юқори даражага кўтарилган. Тўғонлар сув босимига дош бера олмаган. Сув босган шаҳарда сиреналар овози янграмоқда ва оммавий эвакуация давом этмоқда.

Ҳозирга келиб расмий рақамлар қуйидагича кўриниш олган — шаҳарда 2450 уйни ҳамда 3285 та томорқа ерларини сув босган, Орскда Россия ФФВнинг 700 дан ортиқ қутқарувчиси ишламоқда. Эвакуация қилинганлар сони бўйича якшанба кунги маълумотлар ҳали эълон қилинмади, бир кун олдин расмийлар 2 минг киши хавфсиз жойларга кўчирилгани ҳақида хабар берганди. Икки модда бўйича жиноий иш очилган — қурилиш ишларида хавфсизлик қоидаларини бузиш ва совуққонлик қилиш бўйича.

«Сув даҳшатли куч билан яқинлашмоқда»

Orsk.ru портал шаҳарни сув босиши фотохроникасини олиб бормоқда — якшанба тонгида Гагарин майдони шундай кўринишда

Уралнинг чап соҳилида шанба куниёқ сув темирйўл вокзалига кириб келганди, ундан олдинроқ Вокзал шоссесидаги трамвай релсларини ювиб кетганди.

«6-микрорайон аҳолиси Крайней кўчасидан вокзалга қадар зудлик билан вақтинча жойлаштириш пунктларига эвакуация қилиниши керак. Эвакуация автобуслари Крайней кўчасидаги „Пятерочка“ дўкони олдида кутади», — дейилади Орск мэрияси эълонида.

Маҳаллий телеграм-каналлар ҳам шундай огоҳлантиришлар берилган: «6- микрорайон. Сув тезлик билан кўтарилмоқда», «6- микрорайон айни дамда! Крайней кўчасини сув босди, кўп квартираларга қараб кетмоқда!», «Орскнинг 6-микрорайони. Сув даҳшатли куч билан яқинлашмоқда!»

10 йилдан кўпроқ вақт олдин Орскда Уралнинг икки соҳилига яқин ҳудудларда соҳил тўғонлари қурилганди. Бундай тўғонлар тупроқ ва тошдан бунёд этилади. Уларнинг вазифаси баҳорги тошқинлар чоғида турар жойлар ҳудудига сув келишининг олдини олиш ҳисобланади.

Бу йилда сув тошқини кучлироқ бўлиб чиқди. Шу туфайли оқимнинг юқори қисмидаги ГЭСда Ириклинский сув омборидан кўпроқ сув чиқаришга тўғри келди. Тўғонлар эса рекорд даражадаги сув босимига дош беролмади.

Жума куни Уралнинг чап соҳилида илк тўғон бузилиши рўй берди ва Эски шаҳарни сув босиши бошлади. Бу ҳудуд асосан коттежлардан иборат ва шанба куни кундузи катта майдон жигарранг сув билан қопланди.

Бир кун ичида Орскда сув босган ҳудуд бир неча бор кенгайди. Якшанба тонгида яна учта кўча аҳолиси эвакуацияси эълон қилинди, сув босган микрорайонлар эса электр ва газдан узилди.