Жаҳон | 13:39 / 09.04.2024
3537
5 дақиқада ўқилади

Немис ОАВ: Россия Германияда жосуслик усулларини мослаштирмоқда

Юзлаб россиялик жосуслар чиқариб юборилиши ва Германиядаги Россия консулликлари ёпилишига қарамай, Россия Германия ва Европа Иттифоқи мамлакатларида жосусликни давом эттирмоқда. Бир қатор немис оммавий ахборот воситалари томонидан ўтказилган суриштирувга кўра, асосий эътибор «сафар агентлари»га қаратилган.

Фото: DPA / SCANPIX

Россиянинг Украинадаги кенг кўламли уруши давомида Европа Иттифоқи давлатлари 500 га яқин рус жосусларини чиқариб юборган, Германияда эса тўртта Россия консуллиги ёпилган. Бироқ, 7 апрел, якшанба куни кечқурун Германиянинг NDR, WDR ва Süddeutsche Zeitung оммавий ахборот воситалари қўшма суриштирувига кўра, Россия жосуслик усулларини қайта тузиб, замонавий технологиялар ва «сафар агентлари»га таянмоқда.

Уларга кўра, йигирмага яқин россиялик жосус ҳамон Германияда дипломат сифатида аккредитациядан ўтган. Бироқ, бу энди мураккаб операцияларни амалга ошириш учун етарли эмас - уларнинг шахси Германия Конституцияни ҳимоя қилиш федерал идорасига маълум, дейилади суриштирувда. Германия контрразведкаси ҳисоб-китобларига кўра, Россия дипломатик ходимларининг учдан бир қисми ҳақиқатда агент бўлиши мумкин, аммо Россия Украинага кенг кўламли ҳужумидан олдин немис сиёсатчилари Москва билан муносабатларни кескинлаштирмаслик учун жосуслик фаолиятини бостиришни истамаган. 

Россия 2023 йилда Германиянинг жами ваколатхонасини 350 нафар дипломат, илмий ходимлар ва фонд ходимлари билан чеклаганидан кейин Германия ҳукумати консулликларни ёпишни буюрди. «Режим фақат Берлиндаги элчихона ва Бонндаги бош консулликни қолдиришга қарор қилди», - дея таъкидлайди журналистлар. 

Уруш бошланганидан бери Россиянинг жосуслик операциялари сезиларли даражада қўполлашди

Немис оммавий ахборот воситалари томонидан олиб борилган суриштирув шуни кўрсатадики, сўнгги икки йил ичида Россия операциялари сезиларли даражада қўполлашган: агентлар қўлга олиниши мумкинлигини аввалдан ҳисобга оляпти. Кремлпараст ОАВ 1 март куни Германияда жанжалга сабаб бўлган TAURUS ҳақида немис зобитлари ўртасидаги суҳбатни эълон қилганини мисол қилиб келтириш мумкин. 

Немис журналистлари, шунингдек, Россиянинг Бонндаги бош консуллигини эслатиб ўтди, у «Россия жосуслигида алоҳида рол ўйнаши мумкин». Германия Мудофаа вазирлиги муҳим қисми ҳали ҳам Германиянинг собиқ пойтахтида ишламоқда, шунингдек, шаҳарда фаолияти Москвани қизиқтирган кўплаб халқаро ташкилотлар жойлашган. 

Шу билан бирга, Бонндан ходимлар тезда Франция, Нидерландия, Люксембург ёки Белгия каби қўшни давлатларга кўчиб ўтиб, у ерда «фаол фаолият» олиб бориши мумкин, дейилади маълумотда. Россия Федерацияси «сафар агентлари»дан ўзига хос халқаро бўшлиқ сифатида фойдаланиши мумкин, чунки улар элчихона ходимлари сифатида аккредитация қилинган жойда ишламайди, яъни эҳтимолий қўлга олиш дипломатик жанжалга олиб келмайди, деб ёзади NDR, WDR ва Süddeutsche Zeitung материалида. 

Россия фойдасига жосусликда айбланганлардан бири маълумот берди 

Берлинда немис разведкаси ходими ва унинг асли россиялик шеригига қарши жосуслик бўйича суд жараёни давом этмоқда. 10 январ куни айбланувчилардан бири, Волгоград вилоятида туғилган Артур Э. судда сўзга чиқди, у 1990-йилларнинг ўрталарида ота-онаси билан Германияга немис муҳожири сифатида кўчиб ўтган. У судда Москвада яшаганини, Дубайда дам олганини, Монакода пул сарфлаганини ва Африкада бизнес алоқалари борлигини айтди. 

Ўз баёнотида у Федерал разведка хизмати (BND)нинг юқори мартабали ходими Карстен Л. билан мулоқот қилиш тарихини тасвирлаб бериб, уни немис давлат сирларига қизиққан москвалик бизнесмен Виса М. билан таништирганини айтди. Қайд этилишича, москвалик тадбиркор 2004 йилдан бери Германияда яшаш учун рухсатномага эга бўлган ва Германия фуқаросига уйланган. Суд суриштируви давом этмоқда.

Россия жосуслиги сабабли Австрияда миллий хавфсизлик кенгаши чақирилади

Австрия канцлери Карл Нехаммер Конституцияни ҳимоя қилиш ва терроризмга қарши кураш бўйича федерал идора (BVT) собиқ ходими Эгисто Отт Россия Федерацияси фойдасига жосусликда гумонланиб ушланганидан кейин миллий хавфсизлик кенгашини чақиртирди. Бу ҳақда 1 апрел куни dpa агентлиги хабар берди. «Россия жосуслик тармоқлари сиёсий партиялар ёки бирлашмаларга кириб бориш ёки уларни эксплуатация қилиш орқали мамлакатимизга таҳдид солмоқда», деди канцлер. Миллий хавфсизлик кенгаши йиғилиши 9 апрелга белгиланган. 

«Жосуслик бўйича жиддий айбловлар бор. Бир томондан, бу айбловлар суд томонидан аниқлаштирилиши керак, иккинчи томондан, бу айбловларнинг Австриядаги хавфсизлик ҳолатига таъсирини баҳолаш ва тушуниш зарур. Шунинг учун 9 апрел куни мен миллий хавфсизлик кенгашини чақиртираман», - деб ёзди Нехаммер X ижтимоий тармоғида. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид