Жаҳон | 14:58 / 09.04.2024
6353
3 дақиқада ўқилади

ЦАҲАЛ «Ҳизбуллоҳ» махсус кучлари қўмондонларидан бирини ўлдирди

Исроил армияси маълумотларига кўра, «Ҳизбуллоҳ»нинг минтақадаги элита бўлинмаси қўмондони, Исроил шимолида терактларни режалаштириш учун масъул бўлган Ҳожир Али Аҳмад Ҳасин Ливан жанубида ўлдирилган. 

Фото: Jalaa Marey/AFP/Getty Images

Исроил Мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) Ливан жанубидаги «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати етакчиларидан бири ўлдирилганини эълон қилди. 8 апрел, душанбага ўтар кечаси Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари қирувчи самолётлари томонидан зарбалар берилди, натижада минтақадаги элита «Радван» бўлинмаси қўмондони Ҳожир Али Аҳмад Ҳасин ҳалок бўлди, деб хабар берди ЦАҲАЛ матбуот хизмати.

Бу маълумотларга кўра, Ҳасин ва яна икки «Ҳизбуллоҳ» жангчиси Ал-Султония ҳудудида ўлдирилган. Бундан ташқари, Ҳасин Исроил шимолида тинч аҳолига қарши терактларни режалаштириш ва амалга ошириш учун масъул бўлганлиги, 2023 йил октябр ойида Исроил ҳарбий амалиёти бошланганидан бери у Исроил томон кўп сонли ракета учирилишини амалга оширганлиги қайд этилган.

AFP таъкидлашича, бу маълумот Ливан давлат оммавий ахборот воситалари ва разведка доираларидаги манбалар томонидан тасдиқланган. Ўз навбатида, «Ҳизбуллоҳ» қўшимча маълумот бермасдан, ҳаракат аъзоларидан бири Али Аҳмад Ҳасин ўлдирилганини маълум қилди. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 33 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид