Ливан ва Исроил ўртасидаги навбатдаги эскалация 2 март куни, «Ҳизбуллоҳ» Исроилнинг шимолий ҳудудлари бўйлаб ракеталар учирганида бошланганди. 17 апрел куни томонлар ўн кунлик оташкесим бўйича келишиб олишди, аммо тўрт кун ўтиб вақтинчалик сулҳ бузилди – «Ҳизбуллоҳ» дронлари кириб келиши туфайли Исроил шимолида яна сиреналар овози янграй бошлади. Шундан кейин Исроилнинг Байрутга ҳаво зарбалари ҳамда Исроил қўшинларининг Ливан жанубида олдинга юриши кузатилди; «Ҳизбуллоҳ» бунга Исроил ҳудудларини ўққа тутиш билан жавоб қайтарди.

Май ойи охирига келиб Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Ливан жанубидаги қуруқлик амалиёти кенгайтирилгани ҳақида эълон қилди. Исроиллик ҳарбийлар Ливан ичкарисига чуқурроқ кириб, Литани дарёсини кесиб ўтди, 2024 йилги келишувга кўра ушбу дарё «Ҳизбуллоҳ» учун чегара этиб белгиланганди. Исроил мудофаа армиясининг ҳисоблашича, «Ҳизбуллоҳ» сўнгги вақтлардаги аксар ҳужумларини айнан шу ҳудуддан туриб амалга оширмоқда.

30–31 май кунлари Исроил армиясининг «Гўлани» бригадаси Бофор қалъасини эгаллаб олди – бу XII асрда салибчилар томонидан қурилган ва Ливаннинг Набатия шаҳри жанубида жойлашган қалъадир. Қалъа узра Исроил байроғи кўтарилган.

Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац Бофор қалъаси мамлакат шимолидаги аҳоли яшаш манзилларини ҳимоя қилиш учун муҳим стратегик нуқталардан бири эканини таъкидлаб, «бу кампания ҳали якунига етмагани»ни қўшимча қилди.

Нетаняҳу Бофор қалъаси эгалланишини Исроил сиёсатидаги «жиддий бурилиш» деб атади. «44 йил аввал бу жой аскарларимизнинг қаҳрамонона кураши рамзи, шу билан бирга, жамиятдаги чуқур бўлиниш рамзига айланганди. Бугун Бофорга бошқача бўлиб қайтдик. Биз бирлашган, қатъиятли ва ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ бўлиб қайтдик», – деган у. Исроил бош вазири энди Исроил кучлари янада ичкари юриши ва илгари «Ҳизбуллоҳ» назоратида бўлган ҳудудда ўз таъсирини кенгайтириши лозимлигини айтди. 1 июн куни у мамлакат бош вазири Исраэл Кац билан қўшма баёнот эълон қилиб, унда Байрутнинг «Ҳизбуллоҳ» таъсир доирасида бўлган жанубий чеккаларига зарба беришга буйруқ берилганини маълум қилди.

Бофор қалъаси эгаллаб олинишига Ливаннинг ўзида ҳам, Европада ҳам тезкор муносабат билдирилди. Хусусан, Ливан бош вазири Наваф Салом телемурожаат билан чиқиб, Исроилни «шаҳар ва қишлоқларни вайронага айлантириб, аҳолини қувғин қилиш» йўли билан «ёндирилган ер» ва ливанликларни «коллектив жазолаш» сиёсатини юритишда айблади.

Франция 31 май куни БМТ Хавфсизлик кенгашининг шошилинч йиғилишини чақиришни сўради. «Исроилнинг Ливандаги ҳарбий амалиётларини давом эттиришини ва Ливан ҳудудининг тобора кўпроқ қисми ишғол этилишини ҳеч нарса билан оқлай бўлмайди», – деди Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэл Барро BFMTV телеканалига берган интервюсида ва Исроилнинг ҳаракатларини «жиддий хато» деб атади.