Новосибирскда мигрантларга «ов», Харкив ва Донецк областларига зарбалар. Уруш суратлари
Украинадаги урушнинг 777-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Курск областида дрон фуқаролик автомобилига ҳужум қилди. Уч киши ҳалок бўлган, шундан икки нафари — болалар.
- Одесса районига ракета зарбаси оқибатида тўрт киши ҳалок бўлди, жумладан ўн ёшли қиз ҳам, етти киши яраланган.
- «Тинчлик формуласи» муҳокамаси учун халқаро саммит Швейцарияда 15-16 июн кунлари бўлиб ўтади. Унга Россия ҳам таклиф этилганди — аммо РФ вакиллари таклиф қабул қилинмаганини билдирган.
- Европа иттифоқи суди Фридман ва Авенга қарши санкциялар бўйича дастлабки қарорни бекор қилди. Лекин бизнесменларга айрим чекловлар сақланиб қолади.
- Зеленский Трампнинг Украина ерларини бериш эвазига урушни тўхтатиш бўйича таклифини «примитив» деб атади.
- Харкив области ўққа тутилиши оқибатида уч киши, жумладан 14 ёшли қиз ҳалок бўлган.
Росгвардия Новосибирскда мигрантлар ҳарбий ҳисобга турганини текширмоқда
Россиянинг турли регионларида ҳуқуқ-тартибот органлари рейдлар уюштириб, Россия фуқаролигини олган чет элликлар ҳарбий ҳисобга туриши учун ҳарбий комиссариатга чақирув қоғозларини топширмоқда. Хусусан, октябрда Москва яқинидаги Котелники шаҳрида масжидга келганлар қўлга олинганди, улар орасида «Перепой звезду» шоуси финалчиси Мамут Усеинов ҳам бор эди — якунда уни ҳарбий қисмга юборишган. Москва областидаги Электросталида ҳам камида икки бор — 2023 йил ноябрида ва 2024 йил март ойи охирида Wildberries омборхоналарига рейдлар уюштирилиб, ишчиларга чақирув қоғозлари тарқатилган. Ҳарбий комиссариатда рўйхатдан ўтмаган мигрантларни қурилиш майдонларида, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бўлимида навбатда турганида ва ресторанларда излашмоқда. 10 апрел куни эса Новосибирскдаги савдо марказларидан бирида ҳарбий ҳисобга турмаганларни қидириш учун рейд ўтказилди.
Россиянинг Харкив ва Донецк областлари бўйлаб зарбалари оқибатлари
Харкив опера ва балет театри ертўласида репетиция
Россия қўшини сўнгги ҳафталарда деярли ҳар куни Харкив бўйлаб зарбалар йўллаб, шаҳар энергетика инфратузилмасини яксон қилишга ҳаракат қилмоқда. Зарбалар туфайли шаҳарда электр узатишда муаммолар кузатилмоқда, электрда ишловчи транспорт ҳаракати тўхтатилган, метро эса бошпана режимида ишламоқда. Аммо Харкив опера ва балет миллий академик театри фаолиятини давом эттирмоқда, репетициялар ҳозирча асосий залда эмас, отишмалардан ҳимоя вазифасини ўтовчи ертўлада олиб борилмоқда.
Мавзуга оид
20:12
«Афтидан қўрқинчли, аммо ҳеч нарсани ўзгартиролмайди» — «Орешник» қанақа ракета?
14:17
Венгрия Украина билан чегарада ҲММ тизимларини ўрнатиш ниятида
09:12
Британия Украинадаги вазият кескинлашганини маълум қилди
22:23 / 21.11.2024