1 майдан Ўзбекистонда утилизация йиғимининг оширилган ставкалари кучга киради. Натижада, мисол учун, божхона қиймати 22 800 доллар бўлган Changan Deepal S07 автомобилини олиб кириш нархи 3600 доллардан 6200 долларгача ошади. Икки хил двигателга эга, лекин фақат электрда юрадиган бу тоифа моделлар расман ҳибрид тоифага ўтказилиши билан, Deepal C07нинг божхона харажатлари 9600 доллардан ошиб кетади.

Ўзбекистонга келган хорижликнинг эътиборини тортадиган жиҳатлардан бири – йўллардаги машиналарнинг аксарияти битта брендга тегишли экани. Бундан 4 йил олдин машҳур влогер, Nas Daily саҳифаси муаллифи Нусаир Ёсин Тошкентга келиб, бу ердаги деярли ҳамма машиналар Chevrolet эканидан ҳайрон қолганди.

Дўстлар! Мен шундай юртдаманки, бу ерда деярли ҳамма машиналар – Chevrolet! Беҳазил! 27 йилдан бери ҳукумат фақат битта машина тури сотилишига рухсат берган. Улар Chevrolet’ни танлашган. Мана, монополия қанақа бўлади”, деганди у.

Орадан анча вақт ўтди. Бу давр мобайнида дунё автомобилсозлик саноатида жиддий ўзгаришлар юз берди. Хусусан, Toyota ва Mercedes'га ўхшаган машҳур компаниялар ҳам анъанавий бензинда ҳаракатланадиган автомобиллар ўрнига электромобил ва гибрид машиналар ишлаб чиқаришга асосий урғуни қаратяпти. Бу борада хитойликлар моделлар сони бўйича ҳам, ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш тезлиги бўйича ҳаммадан бир бош устунликка эришди.

Умуман олганда, глобал бозорларда рақобат ва хилма-хиллик тобора ортиб боряпти. Аммо Ўзбекистонда яна янги монополлашув аломатлари тобора кўпроқ кўрина бошлаяпти.

Монополия нима?

Монополия – битта сотувчи ёки ўзаро келишиб ишлайдиган бир нечта сотувчилар гуруҳининг бозор устидан ҳукмронлик қилиши. Лекин монополиянинг юзага келишини ҳамиша ҳам ўта салбий ҳолат деб баҳолаб бўлмайди. Яъни монополиянинг ҳам монополиядан фарқи бор.

Масалан, мамлакатдаги қайсидир бир компаниянинг бозордаги улуши 70 фоиз бўлса, лекин у бу улушни ҳалол қўлга киритган бўлса ва бозорга киришга ҳеч қандай чекловлар бўлмаса, уни айблай олмаймиз. АҚШдаги Microsoft ёки Google'ни мисол қилиб олиш мумкин – улар очиқ рақобат шароитида пайдо бўлишган. Ҳозирги мавқейини суиистеъмол қилмаслигини эса монополияга қарши орган назорат қилади.