Спорт | 21:36 / 12.04.2024
8730
2 дақиқада ўқилади

Халқаро биатлон иттифоқининг собиқ раҳбари қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Унинг Россия амалдорларидан мунтазам равишда пора олгани исботланди. 

Фото: ТАСС

Норвегия суди Халқаро биатлон иттифоқи (IBU) собиқ раҳбари Андерс Бессебергни коррупция иши бўйича уч йилу бир ойга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда NRK хабар берди.

78 ёшли Бессеберг 2009-2018 йиллар давомида Россия расмийларидан пора олганликда айбланган. У ўнта айбловдан тўққизтаси бўйича айбдор деб топилди.

Хусусан, Бессеберг қимматбаҳо соатларни пора тариқасида олган. Шунингдек, унинг Россия, Австрия ва Чехиядаги овчилик саёҳатлари харажатлари россиялик амалдорлар томонидан тўланган.

Бессеберг, шунингдек, Россия томони таъминлаган фоҳишалар хизматидан фойдаланган ва IBU телевизион ҳуқуқлари билан шуғулланувчи компания ҳисобидан хизмат машинасида юрган.

Суд Бессебергдан олиб қўйилган соатлар ва 1,4 миллион Норвегия кронасини (тахминан 121 минг евро) мусодара қилди.

Бессеберг ҳукм устидан шикоят қилишини айтди.

Андерс Бессеберг 1993 йилдан 2018 йилгача Халқаро биатлон иттифоқини бошқарган. У россиялик спортчиларнинг ижобий допинг-тестларини яшириш, шунингдек, мусобақаларнинг телекўрсатувларга бўлган ҳуқуқларни тақсимлашда монополияга қарши қонунларни бузиш ва Россиянинг Тюмен шаҳрини 2021 йилги жаҳон чемпионати мезбони сифатида танланиши билан боғлиқ коррупция можароси туфайли ишдан кетган эди.

2021 йил январ ойида IBU мустақил комиссияси Бессеберг «деярли барча ҳаракатларида Россия манфаатларини доимий равишда илгари сургани ва ҳимоя қилгани» ҳақида ҳисобот эълон қилди.

Мавзуга оид