Жаҳон | 11:30 / 13.04.2024
3938
2 дақиқада ўқилади

Украина ва Россия 100 дан ортиқ ҳалок бўлган аскарларнинг жасадини алмашди

Украина жануби-шарқидаги жанговар ҳаракатлар авжига чиққан пайтда Киев 99 нафар ҳалок бўлган аскарнинг жасадини қабул қилди. 23 нафар жасад Москвага қайтарилди.

Фото: Friedemann Kohler/dpa/picture alliance

Украина томони Россиядан ҳимояланиш чоғида ҳалок бўлган 99 нафар ҳарбий хизматчининг жасадини қабул қилиб олди, деб хабар қилди Украина ҳарбий асирлар билан ишлаш бўйича мувофиқлаштирувчи штаб 12 апрел, жума куни. «Хусусан, Донецк йўналишида жанг қилган 77 нафар ҳимоячи, Запорижжя йўналишидан 20 нафар ҳалок бўлган аскар ва Харкив йўналишидан икки нафар ҳалок бўлган аскарни ватанига қайтариш мумкин бўлди», — дейилади хабарда. Штаб Халқаро Қизил Хоч қўмитасига ёрдами учун миннатдорчилик билдирди.

Россия, ўз навбатида, 23 нафар аскарининг жасадини қабул қилди, дея хабар бермоқда «РБК» агентлиги Давлат думаси парламент мувофиқлаштириш гуруҳи вакили Шамсаил Саралиевга таяниб.

Ҳалок бўлганларнинг жасадини алмашиш ҳар икки ҳафтада амалга ошириляпти

Саралиев 29 март куни аввалги алмашинув ҳақида гапирганди. Россияга ўшанда 29, Украинага эса 121 кишининг жасади келди. 15 март куни алмашувда 61 нафар россиялик ҳарбий хизматчи ва 58 нафар украиналик аскарнинг жасади ҳақида сўз борди.

Аввалроқ, РИА «Новости» Марказий қидирув агентлиги бюроси суд-тиббиёт эксперти Карлос Вилялобосга таяниб, Халқаро Қизил Хоч қўмитаси иштирокидаги бундай алмашинувлар фронт чизиғида мунтазам бўлиб туришини ёзган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид