Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЕИ Россиянинг Европадаги сайловларга аралашуви юзасидан суриштирув бошлади
Белгия федерал прокуратураси Европанинг Украинага кўрсатаётган қўллаб-қувватлашини заифлаштириш мақсадида Москвадан маблағ олганликда гумон қилинаётган Европарламентнинг бир қатор депутатларига нисбатан суриштирув бошлади.
Белгия бош вазири Александер де Кроо 12 апрел, жума куни Брюсселда журналистлар билан учрашувда мамлакат федерал прокуратураси Россиянинг июн ойи бошида бўлиб ўтиши керак бўлган Европа сайловларига аралашуви юзасидан суриштирув бошлаганини маълум қилди. Белгия разведка хизматлари Европа Иттифоқининг Украинани қўллаб-қувватлашига путур етказиш мақсадида «бир қанча Европа мамлакатларида» фаолият юритаётган Россия разведка тармоғи мавжудлигини тасдиқлади, деди де Кроо.
«Москванинг мақсади жуда аниқ. Бу - Европарламентга имкон қадар кўпроқ россияпараст номзодларни сайлашга ёрдам бериш ва бу институтда маълум бир россияпараст позицияни кучайтириш», деди Белгия бош вазири.
Гумонланувчиларнинг аниқ сони ҳозирча айтилмаган
Дастлабки текширув маълумотларига кўра, Европарламент аъзоларига Украинанинг Россияга қаршилик кўрсатишда Европа томонидан қўллаб-қувватланишини заифлаштиришга қаратилган рус тарғиботини тарқатгани учун пул таклиф қилинган. Бу Москванинг Европа Иттифоқи сайловолди кампаниясига аралашуви якуний мақсади эди, деди де Кроо. У ҳозирда қанча депутат гумон остида эканлигига аниқлик киритмади.
Белгия бош вазири, шунингдек, мамлакат разведка хизматлари Москванинг қўпорувчилик операцияси фош этилган Чехия ҳукумати билан яқиндан ҳамкорлик қилаётганини айтди. AFP агентлиги Белгия прокуратурасидаги манбага таяниб аниқлик киритишича, суриштирув бир кун аввал расман бошланган.
Суриштирувнинг асоси
Март ойи охирида Европарламент бир неча аъзоси Россиянинг европалик сиёсатчиларга пора бергани иддаоси бўйича тергов ўтказишни талаб қилди. Шу тариқа, «Европани янгилаш» фракцияси раҳбари, француз Валери Айе ЕП раҳбари Роберта Метсолага йўллаган мактубида ушбу масала бўйича «зудлик билан ва шаффоф» ички тергов ўтказилишини талаб қилди.
«Агар бўлажак сайловларда амалдаги депутатлар ёки номзодлар Россия ҳукумати ёки унинг ишончли вакилларидан пул олган бўлса, улар фош этилиши ва уларга қарши чора кўрилиши керак», — дея Айенинг сўзларини келтиради AFP. «Янгиланаётган Европа» фракцияси ҳам ушбу масала юзасидан парламентда зудлик билан муҳокама ўтказишга чақирди.
«Яшиллар» гуруҳи ҳамраиси германиялик Терри Райнтке содир бўлаётган воқеаларни «демократиянинг моҳиятига ҳужум» деб атади. «Россия раҳбарияти шу тариқа Украинадаги уруши учун жавобгарликдан қочишга ҳаракат қилмоқда», деди у.
Россия ташвиқоти ва сиёсатчиларнинг сотиб олиниши
Икки кун аввал Чехия расмийлари Европада Россия пропагандасини тарқатиш ва европалик сиёсатчиларга пора бериш билан шуғулланган «Россия томонидан молиялаштирилган таъсир тармоғи»ни фош этганини маълум қилган эди. Ўша куни Германиянинг Der Spiegel нашри ва Чехиянинг Denik N газетаси томонидан тафсилотлар эълон қилинди. Уларга кўра, схеманинг бир қисми Voice of Europe янгиликлар сайти бўлиб, тармоқ марказида «Мухолифат платформаси - ҳаёт учун» собиқ россияпараст Украина партияси раҳбари ва Россия президентига яқин шахс Виктор Медведчук ҳамда унинг ёрдамчиси Артем Марчевский турган.
Voice of Europe сайти мунтазам равишда европалик сиёсатчиларнинг Украинага ёрдамни тўхтатиш ҳақидаги чақириқларини чоп этиб турган. Denik N газетасига кўра, сайтда эълон қилган ёки интервю берганларнинг баъзиларига бунинг учун пул тўланган, бу баъзи ҳолларда июн ойида бўлиб ўтадиган Европа парламентига сайловлар учун ташвиқот харажатларига мос келади. Олувчилар қаторига олти давлат – Германия, Белгия, Франция, Венгрия, Нидерландия ва Полша сиёсатчилари кирган.
Politico нашрининг хабар беришича, Voice of Europe орқали чиқиш қилган Европа Иттифоқининг 16 нафар депутати аниқланган, уларнинг барчаси - ўта ўнг қанот сиёсатчилари. Чехиялик журналистлар пул олувчиларнинг аниқ исмларини айтмади, лекин таъкидлашича, сайт, хусусан, «Германия учун муқобил» (ГуМ) ўнг қанот популистик немис партияси сиёсатчиси - Европа парламенти аъзоси Максимилиан Кра, шунингдек Бундестаг депутати Петр Бистрон билан интервюларни чоп этган.
Европа Иттифоқи мамлакатларида янги Европа парламенти учун сайловлар 6-9 июн кунлари бўлиб ўтади.