21:40 / 15.04.2024
6108

Эрон ҳужумини қайтариш Исроилга тахминан 1,3 миллиард долларга тушди 

Ҳар бир баллистик ракетани уриб тушириш учун 3,5 миллион доллар сарфлангани таъкидланмоқда. 

Фото: Atef Safadi/Shutterstock

Исроил Мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) Бош штабининг собиқ молиявий маслаҳатчиси, захирадаги бригада генерали Рам Аминах сўзларига кўра, Эроннинг 14 апрелга ўтар кечаси уюштирган ҳужумини қайтариш мамлакатга тахминан 4-5 миллиард шекелга тушган ( 1-1,3 миллиард доллар). Жумладан, битта баллистик ракетани йўқ қилиш тахминан 3,5 миллион долларга баҳоланмоқда. 

«Arrow» тизими томонидан уриб туширилиши керак бўлган баллистик ракеталар, бошқа ракеталар томонидан уриб туширилиши керак бўлган қанотли ракеталар ва биз асосан самолётлар билан уриб тушириладиган дронлар ҳақида гапирадиган бўлсак, бу ҳар бир баллистик ракета учун 3,5 миллион долларни, қанотли ракета учун 1 миллион долларни ташкил қилади. Самолётлар учун ҳам қўшимча харажатлар бор. Ҳаммаси бўлиб тахминан 4-5 миллиард шекел (1,3 миллиард доллар)», деди Рам Аминах. 

Исроил Мудофаа кучлари матбуот котиби Даниэл Ҳагарий сўзларига кўра, Эрон Исроилга 170 та дрон, 30 та қанотли ракета ва 120 дан ортиқ баллистик ракета учирган. Исроил ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими нишонларнинг 99 фоизини уриб туширган.

Top