«Ратибор» Александр Кузнецов ва пропагандачи-журналист Владимир Соловёв
Фото: Видеодан скриншот

«Мудофаа вазирлиги керакли вакансияларни ажратиб бўлди. «Вагнер» командирларидан бири Ратибор ва унга қўшилиб 3 минг нафар собиқ вагнерчи афсонавий «Ахмат» махсус кучлари таркибига қўшилади. Ратибор артиллерия зарбаси оқибатида яраланиб узоқ вақт даволанишда эди. Аммо оёққа туриши билан айнан «Ахмат» махсус кучлари сафида ҳарбий ҳаракатлар зонасига қайтишга қарор қилди», деб ёзди Қодиров Telegram-каналида.

Хўш, Россия ҳарбий раҳбарияти ва президент Путинга қарши исён кўтарган «Вагнер»нинг собиқ қўмондони ва унга бўйсунадиган вагнерчилар Қодиров таъсиридаги гуруҳга қўшилиши нимани англатади?

«Ратибор»ни Алауддинов кўндирган

Маълум бўлишича, «Вагнер» командири ва амалда унга бўйсунувчи 3 минг вагнерчини чеченлар гуруҳи сафига ўтишга Рамзан Қодировнинг «ўнг қўли» сифатида танилган «Ахмат» командири Апти Алауддинов кўндирган. Қодиров Алауддинов «Ратибор» билан бирга туриб юқоридаги келишув ҳақида гапирган видеони эълон қилди.

Қодиров «Ахмат» сафига қўшилган собиқ вагнерчилар тез орада ҳарбий вазифаларни бажаришга киришиши ҳақида гапирган. Чеченистон раҳбари «Вагнер» юқори самарадорликка эга гуруҳ бўлганини ҳам таъкидлаган.

Апти Алауддинов ва «Ратибор» Александр Кузнецов
Фото: Видеодан скриншот

«Ратибор» ким ўзи?

Шу ўринда «Ахмат» сафига ўтган «Ратибор» чақирув номли вагнерчи ҳақида икки оғиз. Асли исми Александр Кузнецов бўлган «Ратибор» «Вагнер» етакчиларидан бўлган ва гуруҳнинг Солнечногорскдаги ҳаракатларига қўмондонлик қилган.

2008 йилда у одам ўғирлаш ва ўғриликда айбланиб қўлга олинади ва кейинроқ қамалади. 2013 йил озодликка чиққан Кузнецов бир йил ўтиб «Вагнер»да рота бошлиғига айланади.