Бу икки фирма 2023-2024 йилларда фаолият юритиб, лизинг ва бошқа қулай шартлар асосида машина олиб беришни таклиф этган. Одамлар маҳаллий автомобилларга тўловнинг 20-30 фоизини амалга оширган. Шартномада машина олиб бериш муддати 6 ой кўрсатилган бўлса-да, фирма масъуллари ҳаммага ҳар хил, 1 ёки 3 ой ичида машина чиқишини айтган. Бироқ фирма мансабдорлари ўнлаб одамлардан пул олиб, ваъдасини бажармаган. Пулларни қайтариш сўралганда, айрим ҳолларда берилган маблағдан 10 млн сўм ушлаб қолиниши айтилган.
Тошкентда фирибгарликда айбланаётган Umid auto leasing, Alfa auto business ва Baraka auto community мансабдорларига оид жиноят иши судда кўриб чиқилмоқда. 13 июндаги суд мажлисида Kun.uz мухбири иштирок этди. Унда автолизинг компаниясига алданган бир нечта жабрланувчининг кўрсатмаси тингланди. Уларга кўра, компания шартномалари рус тилида бўлиб, одатдагидан бошқача тузилган. Жабрланувчи Жаҳонгир Раҳмонов алданганлардан бири. У 2024 йилда Cobalt учун банк орқали 56 млн сўм тўлаган. Жабрланувчининг яқинлари шартнома шубҳали тузилганини билгач, пулни қайтаришни сўраган. Аммо фирма мансабдори турли важлар билан ишни пайсалга солган. Қизиқарли жиҳати, шартномада 2 та МЧЖ кўрсатилган. Раҳмоновнинг айтишича, фирмада норасмий ишлаган Бунёд исмли шахс машина 3 ой ичида чиқишини айтган. Лекин шартномада 6 ой кўрсатилган.
“2024 йил март ойида Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳрида афишаси “Барака aвто” деган жойга телефон орқали бордик. Биринчи ОLХ иловаси орқали топдик бу нарсани. Кейин телефон қилдик. Бир диспетчер қиз телефонни кўтарди-да, Самарқандга улаб бераман, деди. Кейин гаплашдик. Соат 9 ларга келинглар, деди. Ўша атрофда бўлганимиз учун укам билан бирга бордик. Борганимизда ўша ерда бир қиз, бир ўғил, яна Бунёд исмли бола бор эди. Шартнома бўйича шу Бунёд ўша ерда норасмий иш юритувчи экан. Нима тартибда олинади, нима қилинади, яъни уч ойда машина берилади, деб ҳаммасини тушунтирди. “Ҳа, биз ҳам буни кўрамиз, пулни олиб келайлик”, деб кетдик. Обедларга яқин Бунёд телефон қилди-да, “ака, келяпсизларми?” деди. Бизлар бордик, кўрдик. Кейин шартномани имзоладик-да, банкка бордик. Банкда тўловни қилдик. Ўша вақтда ҳам шу Бунёддан сўрадим, “бу ерда ҳеч бир фирибгарлик йўқми?” деганимда, “йўқ, ака, ҳаммаси яхши”, деди. Икки-уч кундан кейин шу шартномани дадамга ташлаб бердим. Дадам ўша вақтда Қаршида эди. Дадам ҳам танишлари билан кўриб чиқдилар-у, “бу шартнома бир бошқача тузилган, бор, иложи борича шу пулни қайтариб ол”, дедилар. Наврўз байрамидан кейин бордим. У 22-23-гами тўғри келди. Поччам билан бордим. “Бу шарт ёқмаяпти менга, қайтариш керак”, дедим. Бунёд исмли йигит Жалолга телефон қилди. Телефон қилиб, “шундай-шундай бўляпти”, деди. Жалол билан поччам ҳам гаплашди. Кейин айтдики, “майли, бўлмасам, шартномада кўрсатилган, агар пул қайтарилса, 10 миллион қанчами ундириб олиниб, қолгани тўлов қилинади”, деди.




