Жаҳон | 22:36 / 17.04.2024
12556
2 дақиқада ўқилади

Украинадан Россияга олиб кетилган 161 нафар бола Германияда топилди

Бу болалар вақтинча босиб олинган ҳудудларга мажбуран кўчирилган ёки Россияга депортация қилингани учун қидирувда бўлган. 

Фото: AP

Украина полицияси немис ҳамкасблари билан ҳамкорликда Россия томонидан ўғирлаб кетилган 161 нафар украиналик болани Германияда топди. Бу ҳақда Украина Миллий полицияси раиси Иван Виховский Берлинда Германия Федерал жиноят полицияси бошқармаси президенти Холгер Мунх билан учрашув чоғида айтиб ўтди. 

«Россиянинг ҳарбий жиноятларини, яъни украиналик болаларнинг депортацияси ва мажбурий кўчирилишини ҳужжатлаштириш бўйича Германия ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорлигимиз туфайли 161 нафар украиналик боланинг Германиядаги манзили аниқланди. Бу болалар вақтинча босиб олинган ҳудудларга мажбуран кўчирилган ёки Россияга депортация қилингани учун қидирувда бўлган», деди Виховский. 

У украиналик болалар Германия ҳудудига қандай келиб қолганига аниқлик киритмади. 

Виховскийнинг қўшимча қилишича, у россиялик ҳарбий жиноятчиларни Украина судларида ҳам, бошқа давлатлар судларида ҳам жавобгарликка тортишда ҳамкорлар ёрдамига, Халқаро жиноий суд ва махсус трибуналлардаги ҳарбий-сиёсий раҳбариятга ишонади. 

«Биз немис ҳамкорларимиз билан икки томонлама асосда ҳам, Европол шафелигида ҳам қўшма ҳаракатлардан манфаатдормиз», деб таъкидлади Украина Миллий полицияси раҳбари. У германиялик ҳамкасблари билан ҳужжатлаштириш ва далилларни тўплаш бўйича самарали ҳамкорликни қайд этди. 

2023 йил март ойида Халқаро жиноят суди Россия президенти Владимир Путин ва Россиядаги болалар ҳуқуқлари бўйича комиссари Мария Лвова-Беловани ҳибсга олишга ордер берган эди. Улар украиналик болаларни босиб олинган ҳудудлардан ноқонуний депортация қилинишида айбланган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид