Зеленскийга суиқасд уюштиришга тайёргарлик кўрган поляк ҳибсга олинди
Украина хавфсизлик хизмати президент Зеленскийга суиқасд уюштиришда ёрдам беришни таклиф қилган поляк ҳибсга олинганини эълон қилди.
Украина хавфсизлик хизмати (УХХ) ва Полша ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Украина президенти Володимир Зеленскийга суиқасд уюштиришда ёрдам беришни таклиф қилган «Россия агенти»ни қўлга олди. Бу ҳақда УХХ ва Бош прокуратура хабар берди.
Қайд қилинишича, гумонланувчи Полша фуқароси бўлиб, Россия ҳарбий разведкаси билан ҳамкорлик қилган. Тергов маълумотларига кўра, эркак Полшанинг Жешув-Ясёнка аэропортида хавфсизлик чоралари бўйича маълумотларни тўплаши ва уни Москвага топшириши керак эди. Бу, ўз навбатида, Зеленскийнинг Полшада бўлган вақтида унга суиқасд уюштиришни режалаштиришга ёрдам берарди, деб ҳисобламоқда УХХ.
Украина бу маълумотни полшалик ҳамкасбларига етказди ва эркак ҳибсга олинди. Унга Полша Жиноят кодексининг «хорижий разведкага бериш мақсадида Полшага зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни тўплаш ёки сақлаш» моддаси бўйича айблов қўйилган. 18 апрел куни Варшава суди уни ҳибсга олди. Тергов ишлари Республика ички хавфсизлик бошқармаси томонидан олиб борилмоқда.
2023 йил ноябрида Зеленский кенг кўламли жанговар ҳаракатлар бошланганидан бери камида бешта суиқасддан омон қолганини айтди.
2022 йилда Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан кейин Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Москва Зеленскийни ўлдириш режалари ҳақидаги хабарларни рад этишини айтган эди.