Ўзбекистон | 21:52 / 19.04.2024
6097
5 дақиқада ўқилади

19 апрелнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеалар ва ҳодисалар

Душанбедаги янги элчихона, Тошкент аэропортининг кенгайтирилаётган терминаллари, тадбиркорларга енгиллик ва маҳбуслар учун янги имконият — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан танишинг.

Президентнинг Душанбега ташрифи

Ўзбекистон Республикаси президентининг Тожикистон Республикасига давлат ташрифининг иккинчи кунида Шавкат Мирзиёев Тожикистон Бош вазири Қоҳир Расулзода билан учрашув ўтказди.

Сўнгра икки давлат президентлари Ўзбекистоннинг Душанбе шаҳридаги элчихонаси янги биносини тантанали очиб беришди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан биргаликда Душанбеда ташкил этилган Ўзбекистон саноат маҳсулотлари кўргазмасига ҳам ташриф буюрди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси президентининг Тожикистонга давлат ташрифи доирасидаги тадбирлар якунига етди. Аэропортда давлатимиз раҳбарини Президент Имомали Раҳмон кузатиб қўйди. 

Тошкент аэропортидаги қурилишлар

Тошкент халқаро аэропортида янги юк терминали қурилиши режалаштирилмоқда.

Янги карго-терминал Тошкент халқаро аэропортининг юкларни қайта ишлаш қобилиятини қарийб 4,5 баробарга — суткасига 70 тоннадан 300 тоннагача оширади.

Айни пайтда учиб кетиш терминалининг реконструкцияси уч босқичда давом этмоқда. Ишлар якунлангач, қайддан ўтиш, божхона назорати ва хавфсизликни таъминлаш имконияти ошади. Терминалнинг ўтказиш қуввати икки баробарга ошиб, соатига 2400 йўловчига етади. Бу йилига 20 млн йўловчини учириб юбориш дегани. 

Тадбиркорларга енгиллик

Ниҳоят узоқ баҳс-мунозаралардан сўнг тадбиркорларга қўлланадиган молиявий жарима камайтириладиган бўлди.

Тадбиркорлар Солиқ кодексининг 227-1-моддаси доирасидаги фискал ҳуқуқбузарликларни содир этганда, уларга қўлланадиган жарима миқдори охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушумнинг 2 фоизини, ҳуқуқбузарлик такроран содир этилганда эса унинг 20 фоизини ташкил этиши кўзда тутилмоқда.

Бу бўйича тегишли қонун лойиҳаси Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасида вазирлик ва идоралар вакиллари, қўмита экспертлари иштирокида муҳокама қилинди. 

Сартарош узр сўради

Мижознинг сочини калга олиб ташлаган сартарош узр сўраб чиқди. У ижтимоий тармоқларда тарқалган видео 2022 йил октябр ойида олинганини айтиб, қилган ҳаракати учун қонунда белгиланган жазога рози экани, мижоз ва унинг яқинларидан узр сўрашини билдирди.

“Мен қизишиб кетиб, жаҳл устида сочини калга олиб ташладим. Исми кейин менга маълум бўлган Жасур исмли фуқародан, унинг ота-онаси, ака-укаси ва яқинларидан узр сўрайман”, деган сартарош.

Шунингдек, у ҳолат бўйича қонунда белгиланган ҳар қандай жазога рози экани, қилган ишидан пушаймонлигини, бундай ҳолат бошқа такрорланмаслигини маълум қилган. 

Болаларни қийнаган педагогга иш очилди

Тошкент шаҳрида болаларнинг қўлига игна ва “саморез” санчган ўқитувчига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Болалар омбудсмани терговга қадар текширув натижасини эълон қилди. Унга кўра, Сергели туманидаги 277-мактаб ўқитувчиси томонидан 2016 йилда туғилган 2 нафар ўқувчи кафтининг устки қисмига бурама мих (саморез) бир неча марта санчиб келингани, болаларни қийнаб, уларга тан жароҳатлари етказгани аниқланган.

Шу сабабли 2002 йилда туғилган “педагог”га нисбатан Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми “а” банди (қийнаш) билан жиноят иши қўзғатилган.

 

Маҳкумлар учун янги имконият

Ўзбекистонда жазони ижро этиш жойларида бўлиб турган маҳкумларга масофавий видео-учрашув хизматидан фойдаланиш имконияти яратилади.

Жазони ижро этиш муассасаларига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жалб этиш орқали маҳкумларнинг масофавий видео-учрашув хизматидан фойдаланиши имкониятини яратиш режалаштирилмоқда.

“Жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг видео-учрашув орқали онлайн учрашиш имкониятлари такомиллаштирилаётгани муносабати билан Жиноят-ижроия кодексига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Қонун лойиҳаси озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг жамиятдан ажралиб қолиши олдини олиш, қайта жиноят содир этилиши ҳолатларини камайтириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жазони ижро этиш фаолиятига татбиқ қилиш мақсадида ишлаб чиқилган. 

Об-ҳаво маълумоти

Дам олиш кунлари Ўзбекистоннинг айрим жойларда ёғингарчилик бўлиши кутилмоқда.

“Ўзгидромет” маълумотига кўра, шанба ва якшанба кунлари Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида куннинг иккинчи ярмида ёмғир ёғади.

Ҳарорат +22…+27, баъзи жойларда +29 даражагача кўтарилади. Тошкентда якшанба куни куннинг иккинчи ярмида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.

Ўзбекистонда 20-23 апрел кунлари кучли ёмғир ёғиши кутилаётгани сабабли Республиканинг 9 та вилоятидаги тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқини юзага келиши мумкинлиги эълон қилинди.

Эртага, 20 апрел куни ҳаво бироз булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Кечаси ҳудудларга қараб +10...+18 даражагача, кундузи эса +24...+32 даража оралиғида иссиқ бўлади.

Мавзуга оид