Жаҳон | 21:20 / 22.04.2024
7667
2 дақиқада ўқилади

Папуа-Янги Гвинея бош вазири ҳамюртларини «одамхўр» деган Байденга эътироз билдирди

АҚШ президенти ўз амакиси жасадини Янги Гвинея одамхўрлари еб қўйган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган эди. Унинг сўзлари бу мамлакатда эътирозларга сабаб бўлди. 

Жеймс Марапе / Фото: ABC News

Папуа-Янги Гвинея бош вазири Жеймс Марапе АҚШ президенти Жо Байденни танқид қилди. Аввалроқ, Америка раҳбари Иккинчи жаҳон уруши пайтида вафот этган амакисининг жасади Янги Гвинеяда одамхўрлар томонидан еб қўйилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган эди. 

Марапе 21 апрел куни эълон қилинган баёнотида: «Президент Байденнинг сўзлари тахминга асосланган бўлиши мумкин, аммо менинг мамлакатим бундай деб номланишга лойиқ эмас», деди. 

Унинг қўшимча қилишича, Папуа-Янги Гвинея ва Сулаймон оролларида Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган одамларнинг жасадлари, самолёт ва кема бўлаклари, шунингдек, портламай қолган бомбалар бор, улар туфайли одамлар ҳали ҳам ҳалок бўлмоқда. 

АҚШ президенти Жо Байден 17 апрел куни 1944 йилда Янги Гвинеядаги авиаҳалокатда ҳалок бўлган амакиси Амброз Финнеганни эслади. У амакисининг жасади «Янги Гвинеянинг ўша қисмида одамхўрлар кўп бўлгани учун» топилмаганини айтди. Шу билан бирга, АҚШ Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Амброз Финнеган ва яна бир неча киши самолётнинг океанга қулаши оқибатида ҳалок бўлган. 

Мавзуга оид