Жаҳон | 15:16 / 23.04.2024
4629
2 дақиқада ўқилади

Россия дронлари Одессага ҳужум қилди: 9 киши жароҳат олди

Одессада Россия дронларининг зарбалари натижасида уйлар вайрон бўлди. Жабрланганлар орасида тўрт нафар бола ҳам бор.

Фото: Украина Фавқулодда вазиятлар бўйича давлат хизмати

23 апрел, сешанбага ўтар кечаси Россия армияси Одессага Shahed-131/136 дронлари ёрдамида ҳужум қилди, оқибатда тўққиз киши, жумладан, тўрт нафар: 12 ва 9 ёшли болалар, шунингдек, икки гўдак жабрланди. Бу ҳақда вилоят ҳарбий бошқармаси раҳбари Олег Кипер маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, болалар шифохонада ўртача оғир аҳволда қолмоқда. Уч нафар ёши катталар ҳам ўртача оғир ҳолатда касалхонага ётқизилган, яна икки киши касалхонага ётишдан бош тортган.

Украина Фавқулодда вазиятлар бўйича давлат хизмати (ФВДХ) ҳужум натижасида турар жой бинолари вайрон бўлганини маълум қилди. Одесса мэри Геннадий Трухановнинг айтишича, камида 14 хонадон шикастланган. 

Россия Мудофаа вазирлиги бу зарба ҳақида ҳозирча хабар бермади.

Киев вилоятига тунги ҳужум 

Киев ва бошқа вилоятларга тунда ҳам ҳужум уюштирилди. Шаҳар ҳарбий бошқармаси бошлиғи Сергей Попконинг сўзларига кўра, Украина пойтахти томон учаётган барча дронлар уриб туширилган. Вайроналар ва қурбонлар йўқ. Дронлар Курск вилоятидан учирилган, дея аниқлик киритди Попко. 

Украина Ҳарбий-ҳаво кучларининг хабар беришича, Россия армияси томонидан учирилган 16 та ҳужумкор дрондан 15 таси тунда Миколайив, Одесса, Киев ва Черкасск вилоятларида уриб туширилган. 

Мавзуга оид