Жаҳон | 09:51 / 19.03.2026
2396
2 дақиқада ўқилади

Одесса Россиядан учирилган дронлар ҳужумига учради

Одессада Россиядан учирилган дронлар ҳужуми оқибатида уч киши жароҳат олди, бир нечта уйга зарар етди, деб хабар қилди шаҳар ҳокимияти. Зарар кўрган ҳудудларда ёнғинлар чиққан, аммо улар тезкор равишда ўчирилган.

Фото: Украина Фавқулодда вазиятлар бўйича давлат хизмати

Россия 18 март, чоршанба куни кечқурун Одессага учувчисиз учиш аппаратлари билан ҳужум қилди. Бунинг оқибатида уч киши жароҳатланган, улардан икки нафари шифохонага ётқизилган, деб маълум қилди шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Лисак.

Бундан ташқари, иккита кўп қаватли турар жой, тарихий марказдаги бир бино ва хусусий сектордаги бир нечта уй зарар кўрган, дея қўшимча қилди у. Лисак таъкидлашича, зарар кўрган ҳудудларда ёнғинлар чиққан, аммо улар тезда ўчириб қўйилган. Ҳодиса жойларида тезкор хизматлар ва коммунал хизмат ходимлари иш олиб бормоқда, деди шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари.

Сўнгги қарийб тўрт йил давомида Одесса бир неча бор Россия қуролли кучлари ҳужумлари нишонига айланган. Фақат йил бошидан буён зарбалар остида турар жой бинолари ҳам, муҳим инфратузилма объектлари ҳам қолган.

Шу орада қўшиб олинган Қримдаги Севастополнинг “губернатори” Михаил Развожаев ҳам дронлар ҳужуми ҳақида маълум қилди ва бунинг учун жавобгарликни Украина армияси зиммасига юклади. Унинг айтишича, ҳаво мудофааси кучлари 27 та дронни уриб туширган.

Развожаев маълум қилишича, ушбу ҳужум оқибатида бир киши ҳалок бўлган, яна икки кишида ўртача оғирликдаги тан жароҳатлари қайд этилган. Шунингдек, бир нечта турар жой уйларининг ойнaлари синган, уриб туширилган дронлар парчаларидан саккизта автомобил зарар кўрган. Фиолент буруни атрофида хусусий уй ва ўрмонзор ҳудудининг бир қисми ёнган, Фиолентовское шоссе ҳудудида эса саноат биносига зарар етган, дея қўшимча қилди у.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид