1904 йил 9 феврал куни XX аср бошидаги йирик ҳарбий тўқнашувлардан бири — Рус-япон уруши бошланган эди. Бир ярим йил давом этган бу уруш Россия мағлубияти билан тугайди. Японлар Корея яриморолини ва Хитойнинг бир қисмини ўз назоратига олади. Россия Сахалинни японларга топширишга мажбур бўлади. 

Бугун россиялик айрим шовинистлар миллатчилик руҳидаги маршларида руслар урушларда ҳеч ютқазмаганини, Наполеон ҳам, Гитлер ҳам янчиб ташланганини айтиб қичқиришни яхши кўради.

Бироқ яқин тарихда руслар мағлубиятга учраган бир уруш борки, у ҳанузгача Россия манглайида қора тамғадай бўлиб турибди. Бу XX аср бошларида бўлиб ўтган Рус-япон урушидир.

Бу урушда Россия қуруқликда ҳам, денгизда ҳам Япония армиясидан мағлубиятга учрайди ва 300 минг атрофида аскарини йўқотади. Уларнинг бир қисми жангларда, шунингдек, касалликлардан ва бошқа сабаблар билан ҳалок бўлади. Қарийб 75 минг киши японларга асир тушади.

Урушдан аввал

1868-1889 йиллар давомида Японияда император Муцухито томонидан кенг миқёсда ислоҳотлар ўтказилади. Шундан сўнг Япония империяси аграр давлатдан саноати ривожланган мамлакатга айланади.

XIX аср охири — XX аср бошларигача Япония ўз қуролли кучларини янги техникалар, ҳарбий кемалар билан таъминлайди. Натижада японлар қўшни давлатлар – Корея, Хитой ва Россия мулкларига кўз тика бошлайди.

Бу орада 1894 йил июлида Япония Хитойдаги Цин сулоласига қарши уруш бошлайди ва 9 ойдан сўнг Япон ва Сариқ денгизларида тўлиқ ҳукмронлик ўрнатади, Манчжурия ва Шандун провинциясини, Пэнху ҳамда Тайван оролларини босиб олади.

Япониянинг бундай хатти-ҳаракатларини диққат билан кузатиб турган Россия ўзининг Узоқ Шарқдаги армиясини кучайтиришга киришади. Минтақага ҳарбий кемалар юборилади.

Бундан ташқари, 1896 йили Хитой билан дўстлик шартномаси имзолайди. Шартномада агар японлар ҳужум қилгудек бўлса, томонлар бир-бирига ҳарбий кўмак бериши назарда тутилган эди.

Худди шу шартнома билан Россияга Манчжурия шимоли бўйлаб Владивостоккача темирйўл тортишга рухсат берилади. Шунингдек, руслар ўзи учун муҳим ҳисобланган Порт-Артур ва Далний портлари жойлашган Ляондун яриморолини ҳам Хитойдан 25 йилга ижарага олади.