07:37 / 25.04.2024
1782

Еврокомиссия Украинага 1,5 миллиард евро миқдорида транш ажратди

Еврокомиссия Киевга Европа Иттифоқининг Украинага 50 миллиард евролик янги қўллаб-қувватлаш механизми доирасида иккинчи транш ажратди.

Фото: Xavier Lejeune/European Union | CC BY 4.0

Еврокомиссия 24 апрел, чоршанба куни Украинага умумий қиймати 50 миллиард евро бўлган қўллаб-қувватлаш пакетидан 1,5 миллиард евролик макромолиявий ёрдамнинг иккинчи транши ажратилишини эълон қилди.

«Украина барчамизнинг елкамиздаги оғир юкни кўтармоқда. Бугун биз 50 миллиард евролик Украина маблағининг бир қисми сифатида қўшимча 1,5 миллиард евро ажратмоқдамиз. Бу агрессорга қарши курашаётган Украина давлати ва хизматларини сақлаб қолиш учун жуда муҳим. Европа бирлашган куч бўлиб қолади», - деди Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен транш ҳақида.

Украина учун ЕИнинг Ukraine Facility қўллаб-қувватлаш дастури 

Март ойида Еврокомиссия Украинага Ukraine Facility дастури доирасида 4,5 миллиард евро миқдоридаги биринчи тўловни амалга оширди. Европа Иттифоқининг Украинага қиймати 50 миллиард еврога тенг бўлган ушбу янги қўллаб-қувватлаш механизми 2024 йил 1 мартдан иш бошлади ва Европа Иттифоқи тарихида иттифоққа аъзо бўлмаган давлатга энг катта ёрдам бўлди. Дастур 2024 йилдан 2027 йилгача бўлган даврда Украинани тиклаш, реконструкция ва модернизация қилишни қўллаб-қувватлаш учун грантлар ва кредитлар кўринишидаги барқарор молиялаштиришни таъминлайди. Пул миллий ҳукумат томонидан Европа Иттифоқи билан келишилган тасдиқланган ҳаракатлар режаларига мувофиқ тақдим этилади. 

Жамғарманинг 32 миллиард еврогача бўлган маблағи ислоҳотлар ва инвестицияларни қўллаб-қувватлаш учун мўлжалланган, тўловлар маълум кўрсаткичларга эришиш шарти билан амалга оширилади. Тахминан 7 миллиарди молиялаштиришни таъминлаш учун, 5 миллиард еврога яқини эса ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун техник ёрдам сифатида ўтказилади. Еврокомиссия веб-сайтига кўра, яна 6 миллиард евро алоҳида молиялаштириш учун мўлжалланган, бу миқдор аллақачон тўланган. 

Top