Тошкент вилояти Янгийўл шаҳри Янги ҳаёт кўчасида туман тиббиёт бирлашмаси Кўп тармоқли марказий поликлиникасига қарашли Силга қарши курашиш диспансери фаолият юритади. Бу бинога 2024 йил феврал ойида “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази кўчиб келган. Нурафшон ТВ тайёрлаган лавҳада аҳоли бу ҳолатдан норози экани, улар марказга борганда сил юқиб қолишидан хавотирланаётганини айтган.

Маълум бўлишича, Янгийўл шаҳри “Мустақиллик” МФЙ Янги ҳаёт кўчасида жойлашган бино 1982 йилда қурилган. Бу жой 2011 йилдан бошлаб Силга қарши курашиш диспансери сифатида аҳолига хизмат кўрсатиб келади.

Видеода кўрсатилишича, Тошкент вилояти ҳокимининг 2023 йил 6 сентябрдаги 1/8-3-4071-сонли қарори асосида бу бино тўлиқ Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Тошкент вилояти бошқармаси балансига ўтказилган. Бинода 2024 йил февралдан бери “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ҳам фаолият юритишни бошлаган.

Фуқаролардан бири Муҳиддин Нуриддиновнинг айтишича, бош вазирга бинони Сил касалликлари диспансери эмас, Тез тиббий ёрдам бўлими деган маълумот билан киритишган, бино бўш турибди деб уни “Инсон” ижтимоий хизматлар марказига ўтказиш сўралган.

“Бош вазирга ёлғон маълумот киритишган. Бу бино 10 йилдан бери Сил касалликлари диспансери бўлиб келяпти. Бинодан “Инсон” ижтимоий хизматлар марказига жой берилиши жуда хавфли. Ахир бу ерда ногиронлар, қариялар, бола пули олишга аёллар ва болалар келади. Уларнинг сил касалликларини юқтириб олиш эҳтимоли кучли”, – дейди у. 

Лавҳадан кўринишича, Сил касалликларига қарши курашиш бўлими бинонинг 2-қаватида фаолият юритади. Худди шу жойда ижтимоий хизматлар маркази жойлашган. Уларни битта эшик ажратиб туради. Бу аҳоли учун жуда хавфли эканини Янгийўл тумани тиббиёт бирлашмаси бош фтизиатори Мавжуда Камолова ҳам таъкидлаган.

“Сил касаллиги ҳаво томчи йўли орқали юқадиган инфекцион касаллик ҳисобланади. 14 йилдан бери шу бинода халққа хизмат кўрсатиб келамиз. Бу бинони Ижтимоий ҳимоя агентлигига берамиз дейишганда юрагимиз ачиб кетди. Чунки силнинг қанчалик даражада юқумли эканини, қанақа тури борлигини билганимиз учун бу бинога кираётган ҳар бир аҳолига жонимиз ачийди”, – деган бош фтизиатор.

Бинога одам гавжум бўладиган ташкилотнинг кўчирилиши учун Санэпидқўмита хулоса бериши кераклиги, акс ҳолда бинодан бошқа мақсадларда фойдаланиш мумкин эмаслигини Янгийўл шаҳар Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат бирлашмаси ходими Азиза Тўйчибоева ҳам таъкидлаган.