Ўзбекистон | 14:51 / 07.08.2023
24997
6 дақиқада ўқилади

Яна «новостройка» муаммоси: Янгийўлда юздан ортиқ оила кўчада қолиш арафасида

Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида юздан ортиқ фуқаро банк ва қурувчи ўртасидаги низо «қурбони» бўлиш арафасида. Қурувчи фирманинг «сценарийси» ҳар доимгидек: қурилаётган кўп қаватли уйдаги хонадонларни гаровга қўйиб, катта миқдорда кредит олган. Хонадонлар фуқароларга сотилган. Энди банк тўланмаган кредит қарздорлигини ундиришни гаровга қаратиш ҳаракатида. 

Таҳририятга Тошкент вилояти Янгийўл шаҳрида яшовчи фуқаролардан мурожаат келиб тушди. Унда айтилишича, Янгибоғ маҳалласида қурилаётган кўп қаватли турар жойларга одамлар тўлов қилган. Лекин бугунги кунга келиб 100 нафардан ортиқ фуқаро уйидан чиқариб юборилиши айтилмоқда экан. Kun.uz ҳолатни жойига бориб ўрганди.  

Маълум бўлишича, Янгийўл тумани Беруний кўчасида Гулнора Абдуғаффорова раҳбарлигидаги «NEW ACTION TEXTILE» МЧЖ томонидан қуриб битказилган ва қурилаётган бешта кўп қаватли уйдан фуқаролар хонадон сотиб олган. Қурилиш компанияси банкдан кредит олиш учун сотилган квартираларни гаровга қўйган. Сўнгра кредит тўланмагани учун банк квартираларни тортиб олиш ҳаракатига тушган.

Жабрланувчилардан бири Дилфуза Турсуновага кўра, у 2022 йилда янги қурилаётган уйдан 30 минг 450 доллар тўлаб хонадон сотиб олган:

«Квитанциялар бериб, шартномалар тузишган.Уйни олганмиз, ҳеч қандай мебел-жиҳозларсиз эди. Яшаётганимизга бир йил бўлди, лекин ҳалигача кадастр ҳужжати қилолмадик. МЧЖ раҳбари банкдан олган кредитларини тўлолмагани учун банк уйларни тортиб оляпти. Бизнинг тўлаган ва таъмирлаш учун кетган пулларимизни инобатга олишмаяпти. Агар уйни олиб қолмоқчи бўлсангиз, бошқатдан тўлиқ уйга тўлов қиласиз, дейишяпти. Тўланмаса, бошқа харидорга сотиб юборишар эмиш».

Фото: Kun.uz

Аниқланишича, қурувчи мулкдорларнинг кўпчилиги кадастр ҳужжатларини расмийлаштирмаган. Турар жой мажмуасида битган бинолардан ташқари яна 3та бино қурилиши якунига етказилиши керак, лекин айни пайтда қурилиш ишлари тўлиқ тўхтатилган.

Бундан ташқари, бўлғуси эгаларининг хабарисиз кўплаб квартиралар иккинчи, ҳатто учинчи шахсларга қайта сотилган. Жабрланувчилардан яна бири Рушона Жўраеванинг таъкидлашича, 2021 йил 5-блок 4-қаватдаги 3 хонали хонадонга дастлаб 17 млн сўм миқдорда тўлов қилган. Унга декабр ойида уй топширилиши ваъда қилинган. Аммо бино битиши у ёқда турсин, қурувчи ташкилот томонидан кейинроқ янги талаблар қўйилган.

«Уйимиз 2021 йил декабрда битиши керак эди, бироқ битмади. 2022 йил февраль ойида нархни яна оширди, яна тўладик. Жами бошланғич 24 млн сўм тўлаган эдик. Субсидиямиз ҳам куйиб кетди, пулимиз ҳам йўқ. Бизнинг уйда бошқа одамлар яшаяпти. Икки йилдан бери сарсонмиз», дейди Жўраева

Жабрланувчиларнинг баъзилари катта миқдорда қарз олиб, шартнома пулини тўлаган. Бошқалари мол-мулкини, машинасини сотган. Кўпчилиги яхши кунимга ярар деб йиғиб қўйган пулини берган. Бугунги кунда уларда уй ҳам, пул ҳам йўқ.

Фото: Kun.uz

Икки нафар фарзанднинг ёлғиз боқувчиси бўлган Мадина Абдулова ҳам шу ердан хонадон сотиб олган. У бир неча ташкилотларга мурожаат қилгани, лекин амалий чора кўрилмаётганидан норози эканини билдирди. 

«Югурмаган жойимиз қолмади. Президент аппаратига ҳам чиқдик, Сенатга ҳам ёздик, Янгийўл тумани ва Тошкент вилояти ҳокимиятига ҳам мурожаат қилдик. Аммо амалиётда ҳеч нарса йўқ, 3 йил бўлди. Уй таъмирлашгаям пул сарфлаганман. Нима қилишни билмаяпман. Фақатгина ишларинг кўрилади дейишади, бўлди», дейди жабрланувчи.

Бундан ташқари, уй қурилишидаги камчиликлар алоҳида масала. Уйлардаги муҳандис-коммуникация тармоқлари, эшик ва деразалар, деворлардаги камчиликлар, уй ён-атрофининг чўкиши ҳам кўпчиликни хавотирга солган.

Ҳолат бўйича «Халқ банки» Янгийўл филиали бошқарувчиси билан боғланиб, изоҳ олдик. Банк ходимининг сўзларига кўра, қурилиш ташкилоти 2021 йилда Янгийўл шаҳри Янгибоғ маҳалласидан кўп қаватли уйлар қуриш учун кредит олган. Гаров сифатида қурилаётган объектлар ҳужжатларини тақдим этган. Қурувчининг аризасига асосан бир неча марта имтиёзлар берилган. Лекин қурувчи ташкилот ўз мажбуриятларини бажармай, кредит маблағларини қайтармаганлиги сабабли банк томонидан иқтисодий судга мурожаат қилинган.

«Фуқаролардан пулни олиб банк ҳисобрақамига кирим қилмаган ҳолатлар ҳам бор. Фуқаролар ариза билан мурожаат қилган ички ишлар органларига. Тергов ишлари олиб бориляпти. Қурувчининг банк ҳисобрақамига тўлов қилган фуқаролар кадастр ҳужжатларини қилиб олишди, бунга эътироз бўлгани йўқ. Банкимиз томонидан алданган фуқароларга енгиллик бериш мақсадида 15 фоиз тўлов билан Ипотека кредити қилиб бериш режалаштириляпти. Уйларнинг бошқа шахсларга ўтиб кетишининг олдини олиш учун шу таклиф бериляпти ҳозирча», дейди Элдўст Мажидов.

Суриштирув давомида қурувчи ташкилот иш бошқарувчиси ҳибсга олингани, ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум бўлди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳри, Яшнобод туманидаги Иззат кўчасида ҳали қурилмаган кўп қаватли турар жой мажмуасидаги хонадонларга тўлов қилиб қўйган мингдан ортиқ фуқаро алдангани, зарар миқдори 300 млрд сўмдан ортиқлиги маълум бўлганди. Бунинг ортидан қурувчи ва фуқаролар ўртасидаги муаммони ҳал қилиш бўйича бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида Ҳукумат комиссияси тузилганди

Шундан сўнг «новостройка»га пул тўлаб, алданган фуқаролар билан бош вазир Абдулла Арипов учрашиб, тез орада аҳолини рози қилиш учун барча чоралар кўрилишини айтди. 5 август куни бош вазир низоли вазият иштирокчилари билан яна учрашди. Муаммоли ҳолатни ҳал қилиш юзасидан жабрланганларга Бектемир туманидан кўп қаватли уйлар қуриб бериш таклифи берилди.

Kun.uz воқеалар ривожини кузатиб боради.

Мавзуга оид