Ўзбекистон | 17:06 / 06.05.2024
9890
2 дақиқада ўқилади

5 йиллик стажи бор хотин-қизларга ОТМга киришга тавсиянома бериш учун аризалар қабули бошланди

Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг маълум қилишича, талабгорлар 1 июнга қадар тавсиянома олиш учун ариза топшириши мумкин.

Мутахассислиги бўйича камида 5 йил меҳнат стажи мавжуд, бироқ олий маълумотга эга бўлмаган хотин-қизлар учун давлат олий таълим муассасаларида 500талик тўлов-контракт асосидаги квота белгиланади.

Ушбу имтиёздан фойдаланмоқчи бўлган хотин-қизлар Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг тавсияномасига эга бўлишлари лозим.

Қўмитанинг маълум қилишича, талабгорлар 1 июнга қадар ариза билан туман (шаҳар) Оила ва хотин-қизлар бўлимлари ҳузуридаги ишчи гуруҳларга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши керак:

  • Фуқаролик паспорти ёки ID карта нусхаси.
  • Меҳнат дафтарчаси (электрон меҳнат дафтарчаси)дан кўчирма.
  • Ўрта махсус ёки профессионал таълим бўйича диплом.

Тавсиянома олиш учун талабгорлар қуйидаги мезонларнинг барчасига мувофиқ келиши керак:

- ўрта махсус ёки профессионал таълим бўйича мутахассисликка эга бўлиши (коллеж, техникум дипломига эга бўлиши);

- тавсиянома олгунга қадар олий таълим олмаганлиги ёки олмаётганлиги (давлат ва нодавлат олий таълим муассасаларида ўқимаётган бўлиши керак);

- ўрта махсус ёки профессионал таълим мутахассислиги бўйича камида беш йиллик меҳнат стажига эга бўлиши (ўрта махсус дипломини қайси мутахассислик бўйича тугатган бўлса, шу мутахассислик бўйича камида 5 йил ишлаган бўлиши керак).

Талабгорлар томонидан тақдим этилган ариза ва ҳужжатлар туман (шаҳар) Ишчи гуруҳлари томонидан ўрнатилган тартибда 1-7 июн кунлари кўриб чиқилади ва тавсиянома бериш ёки тавсиянома беришни рад этиш тўғрисида хулоса қабул қилинади.

15 июнга қадар тавсияномалар ўрнатилган тартибда ўз эгаларига етказилади.

Маълумот учун: тавсиянома берилган кундан бошлаб уч йил муддат давомида фақат бир марта олий таълим муассасасига қабул қилиниши учун амал қилади.

Тавсиянома берилган талабгорлар ҳам кириш имтиҳонларини топширади. Лекин улар алоҳида 500 та квота доирасида танловда қатнашади.

2022 ҳамда 2023 йилларда тавсиянома олган, бироқ олий таълим муассасаларида талабаликка тавсия этилмаган хотин-қизларнинг тавсияномалари 2024 йилда ҳам амал қилади.

Мавзуга оид