Асосий ставка – пул-кредит сиёсатининг асосий инструментларидан бири

— Авваламбор, ҳар бир Марказий банк пул-кредит сиёсатини амалга оширишда ўз олдига маълум инструментларни белгилаб олади. Бу инструментлар орқали Марказий банк ялпи талаб даражасига, иқтисодиётдаги инвестицион фаолликка, умуман иқтисодий муносабатларга таъсир қилиб боради. Бу таъсир мамлакат ривожланишига қараб турлича бўлади. Баъзи мамлакатларда асосий ставка ўзгариши билан молия бозорлари ривожлангани учун якуний инструментларга тезкор таъсир қилса, ривожланаётган давлатларда бу таъсир маълум вақт талаб қилади. Шу нуқтайи назардан Марказий банк ўзининг пул-кредит сиёсатини юритишда ҳар хил турдаги инструментлар тўпламини белгилаб олади. Шундай инструментлардан бири – пул-кредит сиёсатини белгиловчи, аниқлаштирувчи фоиз ставкаси.

Бу Марказий банкнинг асосий фаолият йўналиши бўлиб, мамлакатдаги пул муомаласини тартибга солади. Шу билан бирга, пул бозоридаги фоиз ставкаларига таъсир этиш учун Марказий банк ўз олдига сиёсий инструментларни белгилаб олади. Бу инструментларга асосий ставка ва фоиз коридори, ликвидликни жалб қилиш инструментлари, шу билан бирга коммуникацион сиёсат киради.

2019 йилдаги президент фармони билан инфляцион таргетлаш режимига ўтганимиздан кейин барча пул-кредит сиёсати такомиллаштирилиб, жаҳон андозаларига мослаштириляпти. Инфляцион таргетлашга ўтган давлатларда кузатиладиган инструментларнинг барчаси бизда ҳам бор. Пул-кредит сиёсати орқали Марказий банк иқтисодий муносабатларнинг йўналиши ва ялпи талаб даражасига таъсир қилади, шу билан бирга инвестицион фаолиятни мувофиқлаштиради.

Асосий ставка – бир кунлик пул нархи

— Пул-кредит сиёсати прогнозлаштириш ва таҳлилий тизим, коммуникацион сиёсат ва пул-кредит сиёсатининг операцион механизмларини ўз ичига олади. Операцион механизмнинг асосий инструменти – асосий ставка. Асосий ставка бир кунлик пул нархини белгилайди. Асосий ставкани белгилаш орқали пул бозоридаги операцияларга йўналиш берамиз. Бизда банклараро пул бозори, давлат қимматли қоғозлари бозори, ўрта муддатли ресурслар бозори ва истеъмол инструментлари бозори бор. Бизга кўпроқ аҳолидан истеъмол ёки инвестицион инструментлар бозори борасида савол келади. Уларгача эса жуда катта бозорлар бор: ҳар бир банк ўз тўловларини амалга ошириш, тўлов тизимида фаол бўлиш учун банклараро пул бозоридан фойдаланади. Қолаверса, давлат қимматли қоғозлари бозори ҳам бор. Бунда банклар томонидан ресурслар жалб қилинади ва қайта тақсимланади. Мана шу бозорга тўғридан тўғри таъсир қилувчи инструмент асосий ставка ҳисобланади.