Бугун табиат ва инсон ўртасида аёвсиз кураш кетмоқда. Инсон турли техникалар билан қуроллангани учун табиат енгилмоқда. Бироқ истиснолар ҳам бор ва баъзи ҳолларда инсоннинг кучи табиатга етмаяпти.

Қолаверса инсоннинг табиатга аёвсиз муносабатда бўлиши ёки жонзотлар популяциясига ноўрин аралашиши охир-оқибат одамзоднинг ўзига зарар келтиради.

Аввалроқ табиат ҳимоячиларидан бири, ижтимоий тармоқларда Ўрикгули номи билан танилган экоблогер Мўътабар Хушвақтова ўз интервюларидан бирида шундай деганди:

«Аслида табиатга ҳимоячи керак эмас. Ўзини ўзи даволаб, қайта тиклана олади. Масалан, Орол қуриди ва унинг ўрни очилиб қолди. Ўша жойда табиат ўлгани йўқ, аксинча қайта тикланяпти. Турли жонзотлар яшаяпти, чўлларга мослашган ўсимликлар ва буталар гуркираб ўсяпти. Орол қуриганидан табиат эмас, фақат одамзот зарар кўряпти. Ҳаво ифлосланаяпти, ичимлик сув масаласида муаммо келиб чиқяпти. Демак, атроф-муҳитга беписанд муносабатда бўлиш билан одамзот табиатга эмас, ўзига зарар келтиряпти».

Табиат ва атроф-муҳит тозалиги учун курашаётган экоблогернинг гапларида жон бор. Инсон табиатга зарар етказиб фақат ва фақат ўзига зиён етказаётгани ҳақида кўплаб мисоллар бор.

Узоққа бормайлик, 1950-йиллар охири ва 1960-йиллар бошида Хитойда чумчуқлар оммавий йўқ қилиниши оқибатида очарчилик юз берган ва миллионлаб хитойликлар ўлиб кетган.

Бундай ҳодисаларга Австралияда бўлган бир ишни мисол қилса ҳам бўлади. Бу қитъада табиат қонунларига аралашиш кейинчалик у ерда яшаётган одамлар ва ҳайвонот дунёси учун жуда жиддий муаммоларни келтириб чиқарди.

Бугун австралияликлар ўша муаммоларни бартараф этиш учун яна табиатга қарши кураш олиб боришяпти. Бироқ кучи етмаяпти.

Австралияни енгаётган қуёнлар

Австралияга европаликлар илк марта боришганда у ердаги халтали жонзотларни кўриб ҳайрон қолишган. У ерда кенгуру, халтали крот, ҳатто халтали бўрилар бўлган. Бироқ ўша пайтда дунёнинг барча ҳудудларида тарқалган қуёнлар бу қитъада бўлмаган.

Маълумки, қуён жуда тез кўпаядиган жонзот ҳисобланади. 17-18-асрларда дунё бўйлаб юрган турли кемаларда қафасларда қуён олиб юришган. Улар кема ошхонасидан чиқадиган пўчоқлар ва бошқа озуқалар билан боқилган. Кўпайган қуёнларни сўйиб гўштидан овқат тайёрлашган.

Европаликларнинг қадами теккунча Австралияда қуёнлар бўлмаган ва улар илк бор 1788 йилда матрослар билан бориб қолган. Бир неча ўн йил давомида қуёнлар фақат қафасда сақланган ва улар кўпаймаган.