08:09 / 13.05.2024
2385

Саудия Арабистони Ўзбекистонда халқаро мактаб ташкил этишни режалаштирмоқда

Саудия Арабистони компанияси Ўзбекистонда халқаро мактаб ташкил этиш имкониятлари билан танишмоқда.

Фото: "Дунё" АА

Ўзбекистон элчиси Нодир Турғунов Саудия Арабистонидаги Al Faris International компанияси раиси Осама бин Солиҳ билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё".

Мулоқот чоғида Ўзбекистонда таълим соҳасида янги инновацион ўқув дастурларини татбиқ этиш, хусусий халқаро мактаблар филиалларини очиш ва ўқитувчилар малакасини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Осама бин Солиҳ сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида олий ва юқори даражадаги ташрифлар сонининг ошганини, савдо ҳажми кўпайганини ва Саудия сармояларининг мисли кўрилмаган даражада ошиб бораётганини қайд этди. У ўзи бошқараётган Al Faris International компанияси таълим соҳасини ривожлантириш, ўқитиш сифатини яхшилаш, ўқувчилар билимини ошириш йўналишида иш олиб боришини билдирди.

Компания сармояси билан ташкил этилган халқаро мактаблар дунё мамлакатлари халқаро стандарти IBO’га асосан фаолият олиб бормоқда. Улар Саудиядаги мактаблар орасида энг юқори ўринларда туради.

Мамлакат элчиси шу каби мактабларни Ўзбекистонда очиш, ўқувчилар билимини ҳар томонлама яхшилаш ва ўқитувчиларнинг малакавий кўникмасини ошириш бўйича ҳамкорлик ўрнатиш таклифини билдирди.

Саудия томони ушбу таклифни тўлиқ қўллаб-қувватлашини маълум қилиб, бу борада барча имкониятлар мавжудлигини билдирди. "Биз юз фоиз ўз капиталимиз асосида ёки ўзбекистонлик шериклар билан халқаро мактабларни ташкил этишга тайёрмиз. Ушбу мактабларда халқаро стандартларга мос равишда таълим берилади, ўқиш хорижий ва маҳаллий тил қатъий талаби асосида олиб борилади. Бундан ташқари, мактабгача таълим муассасалари ҳам ташкил этилади. Бунда 6 ёшгача бўлган болаларга мактабга тайёргарлик бўйича кучайтирилган дарслар ўтилади", деди у.

Учрашув якунида Al Faris International компанияси делегациянинг Ўзбекистонга сафарини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди.

Top