ЮНEСКОнинг хорижда таҳсил олаётган талабалар бўйича 2021 йилдаги ҳисоботига кўра, 109 минг 945 нафар ўзбекистонлик чет элда таҳсил оляпти. Албатта, бу кўзни қувонтирадиган, қандайдир умидбахш ҳиссиётлар берадиган рақамлар. Аммо вазият чуқурроқ таҳлил қилиб кўрилса, бу борада жиддий муаммолар борлигини кўриш мумкин.
Нега чет элда ўқиётган ўзбекистонликлар сони кескин кўпайди?
Хорижда таҳсил олаётган ўзбек талабалар сони 2015 йилда 28,1 минг нафарни, 2016 йилда эса 32,9 минг нафарни ташкил этган. 2015-2021 йиллар оралиғида уларнинг сони қарийб 4 баробарга ошган. Бунга қуйидаги омиллар таъсир кўрсатган бўлиши мумкин.
Биринчидан, узоқ йиллар давомида олий таълимдаги талаб ва таклиф орасида катта номутаносиблик мавжуд эди. Масалан, 2015/2016 ўқув йилида бакалавр таълим йўналишига 57 минг 907 нафар талаба (таққослаш учун, 2023/2024 ўқув йилида 193 минг 421 нафар абитуриент талабаликка тавсия этилган) қабул қилинган. Ушбу даврда талабалик ёшидаги аҳолининг олий таълим билан қамраб олиниш даражаси 9 фоиздан ошмаган, соҳани давлат ғазнасидан молиялаштириш мамлакат ялпи ички маҳсулотининг атиги 0,4 фоизини ташкил этган. Бу жаҳондаги энг ёмон кўрсаткичлардан бири бўлган.
Натижада 4-5 йиллаб университетга киролмаган, катта “абитуриентлар армияси” шаклланган эди ва уларнинг сони йилдан йилга ошиб борарди. Ҳукумат алмашинуви фонида қўшни ва қардош мамлакатлар билан алоқаларнинг яхшиланиши, ўқишни кўчириш ва хорижда олинган дипломларни тан олишнинг нисбатан соддалаштирилиши ўн минглаб ёшларни, биринчи навбатда, чегарадош мамлакатлар ва постсовет мамлакатлари ОТМ томон ундайди.















